“Бухоро доира садолари” фестивали ўтказилди
Бухорода миллий мусиқа санъатини улуғлаган “Бухоро доира садолари” фестивали бўлиб ўтди.
Миллатнинг қалби унинг куй-қўшиқларида, асрлар оша сайқалланиб келаётган мусиқий меросида намоён бўлади. Баъзан биргина доира садоси инсонни олис тарих саҳифаларига етаклайди, аждодлар руҳи, халқнинг орзу-интилишлари ва миллий ўзлигини ҳис этишга ундайди. Зеро, миллий мусиқа — шунчаки санъат эмас, балки халқнинг маънавий қиёфаси, хотираси ва авлодларни бир-бирига боғлаб турувчи бебаҳо қадриятдир.
Қадимий Бухоронинг юраги — Лаби Ҳовуз мажмуасидаги Кўкалдош мадрасасида ўтказилган “Бухоро доира садолари” фестивали ана шу ҳақиқатни яна бир бор намоён этди. Бутунжаҳон номоддий маданий мерос кунига бағишланган мазкур тадбир миллий доирачилик санъатини улуғлаш, унинг бой анъаналарини кенг тарғиб қилиш ва ёш авлод қалбида миллий мусиқага меҳр уйғотишга қаратилди.
Бухоро — ҳар бир тошида тарих, ҳар бир обидасида асрлар нафаси мужассам бўлган муқаддас замин. Бу ерда янграган доира садолари эса ўтмиш билан бугунни, анъана билан замонавийликни, устозлар тажрибаси билан ёш авлоднинг изланишларини бирлаштирувчи маънавий кўприк вазифасини ўтади.
Кўкалдош мадрасасидаги фестиваль давомида доира санъатининг ўзига хос имкониятлари, ижрочилик маҳорати ва миллий мусиқа анъаналарининг жозибаси намоён бўлди. Унда таниқли доира усталари билан бир қаторда Бухоро вилоятида фаолият юритаётган доирачилар ва ижодий жамоалар ҳам иштирок этди.


Ҳар бир зарбда — маҳорат, ҳар бир оҳангда — миллий руҳ, ҳар бир ижрода эса йиллар давомида шаклланган мактаб ва анъаналар мужассам. Доиранинг жўшқин садолари инсон қалбига кўтаринкилик бағишлаш билан бирга, халқимизнинг бой маданий меросига бўлган ҳурматни ҳам мустаҳкамлайди.
Фестиваль шу жиҳати билан аҳамиятлики, у санъаткорлар маҳоратини намойиш этиш майдони бўлибгина қолмай, миллий ижрочилик анъаналарини асраб-авайлаш ва уларнинг давомийлигини таъминлаш заруратини ҳам ёдга солди.
Бугун мамлакатимизда миллий маданият ва санъатни ривожлантириш, тарихий-маданий меросни асраб-авайлаш, халқ ижодиётининг ноёб намуналарини келажак авлодларга етказишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан илгари сурилаётган маънавий тараққиёт, миллий қадриятларни асраш ва маданият соҳасини қўллаб-қувватлашга қаратилган ишлар ҳам ана шу эзгу мақсадларга хизмат қилмоқда.
Зеро, миллий санъатни қўллаб-қувватлаш — бу фақат ижодкорларга шароит яратиш ёки маданий тадбирлар ўтказишдан иборат эмас. Бу, энг аввало, халқнинг тарихий хотирасини сақлаш, ёшларни миллий ўзлик ва ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, маънавий мероснинг узлуксизлигини таъминлаш демакдир.
Айниқса, глобаллашув жараёнлари жадаллашган, турли маданий таъсирлар кучайган бугунги даврда миллий мусиқа санъатининг ўрни янада муҳим аҳамият касб этади. Чунки ўзлигини англаган, аждодлар меросини қадрлаган ёш авлодгина миллий қадриятларни келажакка ишонч билан олиб ўта олади.
Шу маънода, “Бухоро доира садолари” фестивали миллий ижрочиликни оммалаштириш, истеъдодли ёшларни кашф этиш, тажрибали устозлар ва янги авлод ижрочилари ўртасида ижодий мулоқотни кучайтириш учун муҳим майдон бўлиб хизмат қилади.


Тадбирнинг вилоят ҳокимлиги, ЮНЕСКОнинг номоддий маданий меросни муҳофаза қилиш йўналиши, “Умрбоқий мерос” Ўзбекистон маданияти ва санъати маркази, вилоят Маданият бошқармаси, Ўзбекистон давлат филармониясининг вилоят бўлинмаси ҳамда Ўзбекистон касаба уюшмалари федерациясининг вилоят бўлими ҳамкорлигида ташкил этилгани ҳам маданий меросни асраш умумий масъулият эканини кўрсатади.
Миллий санъатнинг умри унинг қанчалик қадрланиши, ўрганилиши ва авлоддан авлодга қай даражада етказилиши билан белгиланади. Шу боис доирачилик санъатини ривожлантиришда фақат маҳоратли ижрочиларни саҳнага олиб чиқиш эмас, балки ёшларнинг ушбу санъатга қизиқишини ошириш, устоз-шогирд анъаналарини мустаҳкамлаш ва иқтидор эгаларини рағбатлантириш ҳам муҳимдир.
Фестиваль доирасида фаол иштирок этган доира усталари ва ижодий жамоаларнинг вилоят ҳокимлиги ҳамда ҳамкор ташкилотлар ташаккурномалари ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирлангани ижод аҳлига кўрсатилаётган эътиборнинг амалий ифодаси бўлди. Бундай эътироф санъаткорнинг меҳнатига берилган баҳо бўлиш билан бирга, ёш ижрочилар учун ҳам ўзига хос рағбатдир. Зеро, истеъдод эътибор топган, меҳнат қадрланган жойда ижодга иштиёқ кучаяди, анъаналар эса янги мазмун ва янги нафас билан бойиб боради. Албатта, бундай фестивалларнинг аҳамияти улар ўтказилган кун билан чекланиб қолмаслиги керак. Уларда намоён бўлган маҳоратни оммалаштириш, ёш ижрочилар учун маҳорат дарсларини ташкил этиш, миллий мусиқий мерос намуналарини ёзиб олиш ва рақамли архивларда сақлаш, доирачилик мактабларини қўллаб-қувватлаш каби ишлар бу йўналишдаги фаолиятнинг изчиллигини таъминлайди.
“Бухоро доира садолари” фестивали бир ҳақиқатни яна бир бор эслатди: миллий меросни асраш учун уни севишнинг ўзи кифоя эмас, уни ўрганиш, тарғиб қилиш ва келажак авлодга етказиш ҳам зарур.


Қадимий мадраса бағрида янграган доира садоларида Бухоронинг бой тарихи, халқимизнинг санъатга муҳаббати ва миллий қадриятларга садоқати мужассам бўлди. Бу садолар авлодларни боғлайди, қалбларда ифтихор уйғотади ва миллий ўзликни англашга чорлайди. Энг муҳими, доира садоси янграган ҳар бир даврада миллий санъатга меҳр қўйган янги авлод камол топади. Ана шу меҳр ва эътибор бор экан, аждодлардан мерос қолган оҳанглар ҳамон янграйверади. Чунки миллий мерос — ўтмишнинг хотираси, бугуннинг маънавий таянчи ва келажакнинг бебаҳо бойлигидир. Бухорода янграган доира садолари эса ана шу бойликнинг барҳаёт эканини яна бир бор намоён этди.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири