Бутунжаҳон ёввойи табиат куни
Ёввойи табиат тириклик оламининг ажралмас бир бўлаги. Ундаги фауна ва флорани асраб-авайлаш, атроф табиий муҳитнинг барқарорлигини сақлаш биологик хилма-хилликни таъминлашда муҳим ўрин тутади. Бугунги экологик муаммолар табиат билан тиллашишни, унга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлишни тақозо этмоқда.
3 март Бутунжаҳон ёввойи табиат куни сифатида нишонлаб келинади. Ушбу сана Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2013 йил 20 декабрдаги резолюцияси билан таъсис этилган. Бундан кўзланган мақсад кенг жамоатчиликнинг ёввойи ҳайвонот ва ўсимлик дунёси ҳақида хабардорлигини оширишдан иборат.
Ўзбекистон Экологик партияси ташкилотлари томонидан Бутунжаҳон ёввойи табиат куни муносабати билан турли тадбирлар ташкил этилмоқда. Мазкур тадбирларда ушбу сананинг келиб чиқиш тарихи, юртимизда ёввойи табиатни муҳофаза қилиш соҳасида қилинаётган кенг кўламли ишлар ҳақида тушунтиришлар берилмоқда. Атроф-муҳит ва табиат бойликлари, энг аввало, жамият манфаатлари нуқтаи назаридан муҳофаза қилиниши, она табиатнинг инъомларидан нафақат биз, балки келажак авлодларимиз ҳам баҳраманд бўлиши кераклиги кенг тарғиб этилмоқда.

Шунингдек, ишлаб чиқаришнинг жуда тез суръатларда ривожланаётгани, аҳоли сонининг ортиб бораётгани, табиий бойликларнинг камайиб, атроф-муҳитнинг чиқинди моддалар билан ифлосланаётгани боис бугун табиат муҳофазаси долзарб масалалардан бирига айлангани ёшларга тушунтирилмоқда.
Дарҳақиқат, табиатни асраб-авайлаш, уни борлигича сақлаш, ҳайвонот ва ўсимлик дунёсининг кўпайишига ҳисса қўшиш инсоният олдидаги долзарб масаладир. Бу борада ҳар бир инсон шахсий дахлдорлик ҳисси билан ҳаракат қилиши, табиатни асраши лозим.
Муҳтарама Комилова, ЎзА