Бутунжаҳон истeъмолчилар форуми давом этмоқда
Хоразмда икки кундан буён “SAYYOH-2021" форуми давом этмоқда.
Унда дунёнинг 60га яқин давлатларидан халқаро экспертлар ташриф буюрган. Форумда иштирокчилар томонидан Европа ва Марказий Осиё мамлакатларининг ўртасидаги ҳамкорликнинг жорий ҳолати, келгусидаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, сайёҳ (истеъмолчи)лар муаммоларни ўз вақтида бартараф этиш ва урбанизация каби мавзулар муҳокама қилинди.
Шунингдек, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро эксперт Елена Волф нутқ сўзлаб, Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасининг ҳозирги кундаги муҳим стратегик макон эканлиги ҳамда у ерда яшовчи қардош миллатлар ўртасида барча соҳалардаги ҳамкорлик жуда муҳим эканлигини таъкидлади.

Сессияда иштирокчилар асосий муаммолар, жумладан, «Туристларнинг трансчегаравий шикоятларини кўриб чиқиш муаммолари ва уларни ҳал этиш йўллари», «Халқаро туризм ҳуқуқи ва туризм соҳасида истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш муаммолари» масалаларини муҳокама қилдилар.
Қолаверса, чет эллик ҳамкорлар билан тажриба алмашиш мақсадида доимий алоқа ўрнатишга ҳам келишиб олинди.
Мафтуна КАРИМОВА, ЎзА