Бутун ўзбек улуси учун қутлуғ совға
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бугун БМТ Бош Ассамблеяси юбилей сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлаши улуғ тарихий ҳодисадир!
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг бугун БМТ Бош Ассамблеяси юбилей сессиясида ўзбек тилида нутқ сўзлаши улуғ тарихий ҳодисадир! Ўзбек тилининг БМТ залларида янграши ва дунёнинг барча давлатларида намойиш этилишини катта қувонч билан кутиб оламиз!
Собиқ иттифоқ даврида бошқа тиллар қатори ўзбек тили ҳам ҳужумга учраганда Эркин Воҳидов ёзган «Ўзбегим», «Она тилим ўлмайди» каби қасида ва шеърлар руҳи ҳамон қулоғимизда жаранглайди. Бу орзу-истак ижобатини, ўзбек тилининг жаҳон минбарларига чиқишини XX аср бошларида Маҳмудхўжа Беҳбудий, Абдулҳамид Чўлпон, Абдурауф Фитрат ва бошқа жадид зиёлилар, шоир ва ёзувчилар интиқиб кутди. Шу боис, бугунги тарихий воқеа ўзбек тилига меҳр-муҳаббат қўйган зиёлилар, маърифатпарварлар, бутун ўзбек улуси учун қутлуғ совға ҳисобланади.
Сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистонда олиб борилаётган демократик ўзгаришларни катта қувонч билан кутиб олмоқдамиз ва бу ислоҳотлар давом этишини чин дилдан истаймиз. Ўзбекистон ва буюк ўзбек халқининг бутун жаҳон билан муносабатда бўлишини орзу қилар эдик, иншооллоҳ бу орзуларимизга етаяпмиз. Шу сабабдан муҳтарам Президентимизни олиб бораётган демократик ислоҳотлари ва ўзбек тилига бераётган чексиз ҳурмати билан қутлайман.
Яқин орада лотин ёзувидаги ўзбек алифбоси ҳам ислоҳ қилиниб, камчиликлари тузатилишини ва бошқа туркий халқлар лотин ёзувига мослаштирилишини кутамиз. Ўзбек тили барча жаҳонга кенг янграсин!
Темур Хўжа,
Мичиган давлат университети
тилшунос ва тарихшунос ходими, профессор
(АҚШ)