Бунёдкорлик солномасини яратаётганлар
Қурилиш тармоғи Навоий кон-металлургия комбинатида ривожланиб бораётган етакчи соҳалардан бири ҳисобланади. Бугун улар қураётган иншоотлар чинакам бунёдкорлик намунаси бўлиб, юрт тараққиёти, комбинат равнақи, халқ фаровонлигига хизмат қилмоқда. Улар орасида юрт қоракўзларининг ўз кучи билан инвестиция лойиҳалари асосида бунёд этилаётгани замонавий саноат индустрияси, яъни, гидрометаллургия заводлари, кон ва шахталар, темир йўл, кўприк ва автомобиль йўллари, ижтимоий соҳа объектлари Янги Ўзбекистоннинг янги саҳифасини яратмоқда.
“Навоий кон-металлургия комбинати” АЖ бош директорининг инвестициялар ва капитал қурилиш бўйича ўринбосари Фарҳод Баҳронов амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари ҳақида гапириб берди.
– Қурувчилик – шарафли касб. Унинг юки қанчалик залворли эканини, улкан масъулият ва машаққат талаб этишини яхши биламиз. Қурувчи бўлиш ёки қурилиш дегани бу ўз-ўзидан бўлиб қоладиган осон иш эмас. Унда ҳар бир қадам – лойиҳани мукаммал ишлаб чиқишдан тортиб, тамал тоши қўйишгача эътибор, маҳорат, тажриба, фидокорона меҳнат талаб этади. Бундан ташқари, соҳамизда сифат ва самарадорлик биз учун биринчи ўринда туради. Чунки, йўл қўйилган оддий бир хато ҳам келгусида катта муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Шу боис, ишни пишиқ-пухта амалга ошириш доимий диққат-эътиборимизда.
Айни пайтда инвестицион лойиҳалар асосида олиб бораётган қурилишларимиз ҳазилакам иш эмас. Барчаси йирик лойиҳалар ҳисобланади. Қурувчиларимиз буни чуқур ҳис этиб, улкан лойиҳаларни тез ва оз муддатда уддалаётгани ва сўнгги йилларда амалга оширган бунёдкорлик ишлари бунинг яққол исботидир.

Шу ўринда, ўтган тарихга юзлансак. Яқин ўн йилларгача бу каби лойиҳалар фақат четдан кўмак асосида бажарилган. Бугун эса бундан тўла воз кечиб, барчасини ўзимизнинг қурувчиларимиз бажаряпти. Чунки бундан ўн беш йил аввал раҳбарият томонидан биз - қурувчилар олдига бундан кейин барча катта-кичик лойиҳаларни ўз кучимиз билан ўзимиз қурамиз, деган бош вазифа қўйилган эди. Бу биз учун юксак масъулият, мажбурият ва билдирилаётган катта ишонч эди.
2010 йилда 4-гидрометаллургия заводи ва 2011 йилда “Мурунтов” конида жаҳонда ягона бўлган тик-қия конвейерини ўзимиз бунёд этдик. Мана шу иккита улкан лойиҳанинг муваффақиятли амалга оширилиши ўзимизга бўлган ишончни янада мустаҳкамлади. Ундан кейин ҳам қанчадан-қанча қурилишлар амалга оширилмади, дейсиз.
Шунга мос ишимиз мазмунини ҳам ўзгартирдик. Биринчи галда “иш қуролинг соз бўлса, машаққатинг оз бўлур”, деган нақлга амал қилиб қурилиш ташкилотларимиз парки замонавий қурилиш техникалари ҳисобига мустаҳкамланди ва ҳозирда 500 га яқин техникалар мавжуд. Бу имкониятлар ишимиз суръатини янада оширишга хизмат қилмоқда.
Кейинги ўн йилликдаги яна бир эътирофга арзирли ишимиз бу – қурилиш материалларини корхонамизнинг ўзида ишлаб чиқарилаётганидир. Бу, биринчидан, объектлар қурилиши харажатларини сезиларли пасайтириш, маблағни иқтисод қилиш, иккинчидан, қурилиш майдонларига эҳтиёждаги материалларни етказиб беришда узилишлар бўлмаслиги, учинчидан, янги цехлар ташкил этиш ҳисобига ёшларимиз учун иш ўринлари яратишга имкон яратди.
Бунинг натижасида ҳозирда ўзимизда 24 турдан ортиқ қурилиш маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда. Жумладан, темир-бетон, металл конструкциялар, ғишт, қум, оҳак, шағал, эшик-деразалар, полиэтилен қувурлар ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқарилаётгани корхонамизга катта фойда келтирмоқда. Кейинги етти йилда 859,1 миллиард сўмлик ана шундай қурилиш материаллари ишлаб чиқаришга эришилди. Айни пайтда эса эҳтиёждаги маҳсулотлар турини босқичма-босқич кўпайтириб бориш чораларини кўряпмиз. Ишимиз ҳажми, суръати шунга мос йилдан-йилга ўсиб бормоқда. Мисол учун, 2022 йилда умумий қиймати 486 миллион долларлик иш бажарган бўлсак, 2016 йилда бу кўрсатгич атиги 189,6 миллион долларни ташкил этган.
Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, комбинат ҳаётида катта қийматга эга Инвестиция дастури алоҳида ўрин тутади. 2017-2022 йилларда ушбу дастур асосида 28 инвестиция лойиҳаларини амалга оширганимиз, шу йиллар давомида комбинат ҳомийлигида ўнлаб ижтимоий соҳа объектларини барпо этганимиз соҳамиз ривожидаги улкан қадам бўлди ва комбинат солномасида янги саҳифа очди. Жумладан, 5-, 6-, 7-гидрометаллургия заводлари, 2-гидрометаллургия заводининг “Б” блоки, янги очилган “Турбай”, “Балпантов” ва “Томдибулоқ” конларини гидрометаллургия заводлари билан боғловчи 82,6 километрлик темир йўл, Зомин туманида “НКМК” санаторийси, Зарафшон шаҳрида фавворалар сайилгоҳи, Учқудуқ туманида “Олтинкўл” дам олиш мажмуаси ва бошқа объектлар бунинг далилидир. Бу каби ишларимиз кон-металлургия соҳасида катта янгилик, бунёдкорлик йўлида эса улкан қадам бўлди.
Қурувчиларимиз амалга ошираётган юксак даражадаги бу ишларни, ўзгаришлар нафасини кўриб нафақат юртдошларимиз, балки комбинатга келаётган хорижлик меҳмонлар ҳам кўп минг кишилик жамоамиз ишига, қурилиш соҳасидаги ютуқларимизга тан бермоқда. Соҳада анча илгарилаб кетганимизни эътироф этмоқда. Бу, ҳеч қандай баландпарвоз гаплар эмас, аксинча, аниқ натижа, амалда бор нарсалар.
Мисол учун, 5-гидрометаллургия заводини олайлик. Уни янги асрнинг ҳақиқий бунёдкорлик намунаси, десак ҳам бўлади. Заводнинг замонавий қиёфаси, унинг ўзига хос ечимларини кўриб ҳавасингиз келади. Улкан ишлар қисқа даврда, белгиланган муддатдан олдин бажарилди. Бу, шак-шубҳасиз, чўл инжиқларига қарамай елкама-елка ишлаган қурувчилар, мутахассис ва муҳандисларнинг матонатли меҳнати, орттирган тажрибамиз маҳсулидир. Энг асосийси, сўнгги йилларда барпо этган ҳар бир иншоот қурилиши соҳа учун улкан янгилик, катта тарихдир. Улар ҳар бири ҳақида соатлаб гапирсак, том-том асарлар ёзса арзийди.
Ёки ҳар гал хизмат сафарига борганда, Зарафшон шаҳри, Учқудуқ тумани маркази, Заркент қўрғони ва бошқа ҳудудларда ҳамкасбларимиз, улар оиласи, фарзандлари, маҳаллий аҳоли вакиллари биз қурган ижтимоий соҳа объектлари – фавворалар, маданият ва истироҳат боғлари, дам олиш масканлари, санаторийларда дам олаётгани, уларнинг қувончи ва шукроналигини кўриб, шундай хайрли ишларнинг бошида турган комбинатдан мамнун эканликларини сезаман. Бу ҳам халқимизни рози қилиш йўлидаги ютуқларимиздан биридир.
Халқимизда: “Яхши дам – меҳнатга ҳамдам”, деган ажойиб нақл бор. Нафақат ишлаб чиқариш суръатини ошириб бориш, балки ҳамкасбларимиз, улар оиласи ва фарзандларини ижтимоий ҳимоя қилиш ҳам доимий эътиборимизда.
Бугунги кунда комбинатда Капитал қурилиш бошқармаси, Инвестициялар бошқармаси, кон бошқармаларида қурилиш бўлимлари, Зарафшон қурилиш бошқармаси, унинг тасарруфидаги 3 та қурилиш-монтаж бошқармаси ҳамда 1 та қурилиш трести мавжуд бўлиб, уларда 3,5 минг нафардан зиёд қурувчи-муҳандислар меҳнат қилмоқда. Улар сафида юзлаб ёшлар ва хотин-қизлар вакиллари ҳам фидокорона меҳнат қилмоқда. Албатта, жамоамизда фидокорона меҳнат маҳсулини кўриш, байрамларга муносиб туҳфа ҳозирлаш, айёмларни кенг нишонлаш анъана тусига кирган. Айни пайтда қурувчиларимиз ўзларининг шарафли касб байрами ва Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг 32 йиллигини ёруғ юз, эътирофли ютуқлари билан кутиб олмоқда. Бугунги қувончли кунлар арафасида ҳамкасбларимиз билан биргаликда энг улуғ, энг азиз байрамга муносиб совға ҳозирладик. Жумладан, 6-гидрометаллургия заводи, “Тўдакўл” дам олиш базасида халқаро шахмат мактаби, Зарафшон шаҳрида 504 ўринли ихтисослаштирилган мактаб-интернати фойдаланишга топшириш учун тўлиқ шай ҳолга келтирилди.
Ҳар бир соҳанинг ўз жонкуярлари бўлади. Бугун сафимизда бутун умрини шарафли касбга бағишлаган фидоийлар кўп. Улар ўз меҳнати билан комбинат ривожига муносиб ҳисса қўшиб келяптики, буни эътироф этмасдан иложимиз йўқ. Ҳамкасбларимиз фидокорона меҳнати доимий тарзда рағбатини топиб келмоқда. Кейинги йилларда Зарафшон қурилиш бошқармаси бошлиғи А.Эшонқулов “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қурувчи” унвони, Инвестициялар бошқармаси бошлиғи Н.Рўзиев ва меҳнат фахрийси В.Капанадзелар “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирлангани бунинг исботи ва бу комбинат қурувчиларининг фидокорона меҳнатига берилган муносиб баҳодир.
Қурилиш соҳасида бундан кейин ҳам маррани катта олганмиз. Жумладан, Инвестиция дастури доирасида қиймати 513,5 миллион доллар бўлган 12 та лойиҳа жадал сурьатларда олиб борилмоқда. Унинг 155,8 миллион доллари қурилиш-монтаж ишларига тўғри келади. Шунингдек, ҳали олдимизда қиймати 390 миллион доллар бўлган “Мурунтау” конини ўзлаштириш (V-навбати) 2-босқичи ва қиймати 55 миллион доллар бўлган “Янги Давон-Тошкон конларида маъдан қазиб олиш мажмуасини қуриш” каби лойиҳаларни 2026 йилгача амалга оширишдек истиқболдаги ишлар турибди. Бу, марралар бизга янада кўтаринки кайфият, келгуси режалар ва вазифаларни астойдил бажаришга ғайрат бағишлайди.
Фурсатдан фойдаланиб, қадрли ҳамкасбларимизни Ўзбекистон Республикаси қурилиш соҳаси ходимлари куни билан табриклайман.
Абдумажит Жўраев,
“НКМК” АЖ матбуот хизмати раҳбари
ЎзА