Бунёдкорлик: байрамга муносиб туҳфа
Бухоро вилояти Вобкент туманидаги “Хайробод” ва “Ниёзхўжа” маҳаллаларида “Обод қишлоқ” Давлат дастури доирасида кенг кўламли ободонлаштириш ишлари олиб борилмоқда. Дастур доирасида умумий қиймати 28,2 миллиард сўмлик қурилиш-бунёдкорлик ишлари амалга оширилади.
Жумладан, 21,2 километрга сув тармоқлари тортилиб, 2 та сув иншооти қурилади. 8,2 километрга электр энергияси тармоқлари тортилади. Ҳудуддаги 2 та умумтаълим мактаби, 1 та мактабгача таълим ташкилоти ва 2 та тиббиёт муассасаси мукаммал таъмирланади. Бундан ташқари, ижтимоий соҳа обьектларини янгидан барпо этиш кўзда тутилган.
Вобкент туманида айни пайтда 44 та маҳалла фуқаролар йиғини фаолият юритмоқда. Ўтган йили бошида уларнинг аксарияти ўз биносига эга эмас эди. 2021 йилнинг иккинчи ярмида “Бешработ”, “Мўминобод”, “Кўлхатиб”, “Шоҳнигор”, “Чўрикалон”, “Ҳажувон”, “Хайрхуш”, “Ўзбакон” ва “Косари” маҳалла фуқаролар йиғинлари учун янги бино қуриб берилди. Жорий йилда яна 13 та маҳалла учун бино қурилиши лойиҳалаштирилган.

Жорий йил инвестиция дастурига мувофиқ, “Хайробод” маҳалласидаги 24-сонли умумтаълим мактабини мукаммал таъмирлаш мақсадида 3 миллиард 488 миллион сўм ажратилган. Ниёзхўжадаги 19-сонли умумтаълим мактабини капитал реконструкция қилиш ва спорт зали қуриш учун 2 миллиард 800 миллион сўм маблағ молиялаштирилган. Бу иншоотларни янги ўқув йилига қадар таъмирлаш ва атрофини ободонлаштириш белгиланган.
“Ниёзхўжа”да 14-сонли оилавий поликлиника филиалини капитал таъмирдан чиқариш учун 440 миллион сўм ажратилган. Бу ерда “Бухоро таъмир Бунёд қурилиш” МЧЖ бинокорлари иш бошлаган. Худди шундай, “Хайробод” да 11-сонли оилавий поликлиника филиалини мукаммал реконструкция қилиш ва жиҳозлашга 328 миллион сўм маблағ ажратилган. Шу кеча-кундузда қурилиш-пудрат корхонаси “Бухоро Жондор строй” МЧЖ томонидан таъмирлаш-тиклаш ишлари олиб борилмоқда.
Ҳар икки маҳалла марказини обод қилиш, йўл, сув таъминоти, электр энергия тармоқларидаги муаммоларни бартараф этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Маҳаллалар учун алоҳида маъмурий бино қуриш ҳам режалаштирилган. Бунинг учун мос равишда жами 490 миллион сўм сармоя ажратилган.

Ниёзхўжа маҳалласидаги 31-сонли мактабгача таълим ташкилоти қайта қурилмоқда. 1 миллиард 515 миллион сўм маблағ эвазига қайта чирой очаётган иншоотда “PBQ montaj” МЧЖ ишчи-мутахассислари меҳнат қилаётир. Бундан аҳоли жуда мамнун.
Туманнинг “Розмоз” маҳалласи аҳолиси кўпдан буён замонавий, ҳар томонлама қулайликларга эга болалар боғчасига муҳтож эди. Ниҳоят, бу муаммо ҳал бўлди. “Бухоро таъмир бунёд қурилиш” МЧЖнинг серғайрат қурувчилари замонавий болалар боғчаси биноси қурилишини бошлаган. Лойиҳа қиймати 3 миллиард 329 миллион сўм бўлган боғча биносини сифатли ва бенуқсон қуриб, яқин уч ойда фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Замонавий муассаса сентябрь ойида 90 нафар жажжи болажонни ўз бағрига олади.
Қурувчи-бунёдкорларнинг қўли-қўлига тегмайди. Умумтаълим мактаблари ва бошқа ижтимоий соҳа иншоотларини қайта таъмирлаш ёки янгидан қуриш ишлари авжида. Юқорида қайд қилинган манзиллар ва уларда барпо қилинаётган иншоотлар, таъмирдан чиқарилаётган муассасалардаги барча ишлар мустақиллик байрами арафасида якунланади. Байрамга муносиб туҳфа сифатида фойдаланишга топширилади.
Зариф Комилов, ЎзА