"Бунёдкор"даги молиявий вазият оғир — хайрия акцияси эълон қилинди
"Бунёдкор" клуби ва унга тегишли стадион атрофидаги молиявий вазият жиддий тус олган. Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси тарқатган маълумотда клубнинг бир қатор йўналишларда катта қарздорликлари мавжудлиги қайд этилди.
Хусусан, "Бунёдкор" собиқ футболчилари Ривалдо ва Итсуки Урата олдидаги мажбуриятлари сабаб ФИФА томонидан трансфер тақиқига эга.
Бундан ташқари, клуб ва стадионнинг ишчилар, солиқ ҳамда коммунал хизматлар олдида ҳам қарзлари мавжуд. 2026-йилда ўтказилган концерт дастуридан кейин стадион майдонининг чими қайта тикланган.
Бироқ ПФЛ маълумотига кўра, эндиликда чим ётқизиш ишларини бажарган компания олдида ҳам қарздорлик юзага келган. Молиявий муаммолар янги майдон ҳолатига ҳам салбий таъсир кўрсатмоқда.
Вазият электр энергияси билан боғлиқ қарзлар ортидан янада мураккаблашган. Электр таъминоти бўйича қарздорлик қарийб 2 миллиард сўмга етгани ва 4-сентябрдан стадион электр тармоғидан узилгани маълум қилинди.
Айни пайтда стадион бино ва иншоотларини ижарага бериш орқали даромад олишга уринмоқда. Бироқ юзага келган вазият фонида айрим ижарачилар ҳам стадионни тарк этиш ҳаракатига тушгани билдирилган.
ДОМО иловасининг хайрия бўлими стадионда электр таъминотини тиклашга кўмаклашиш мақсадида маблағ йиғишни бошлаган. Истовчилар 1 000 сўмдан бошлаб ўз имконияти доирасида хайрия қилиши мумкин.
"Пул ўтказиш учун ҳаволага киринг ёки иловани юклаб олинг ва "Бунёдкор" стадиони бўлими орқали ўз ёрдамингизни етказинг", — дейилади Ўзбекистон Профессионал футбол лигаси матбуот хизмати тарқатган баёнотда.
ЎзА