“Бунёдкор”да бунёдкорлик ишлари авжида
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев 18-19 февраль куни Наманганга ташрифи давомида ушбу “Бунёдкор” маҳалласида бўлиб, ҳудудни ободонлаштириш, аҳолини ичимлик суви ва электр энергияси билан таъминлаш бўйича топшириқ берган эди.
Ушбу топшириқ ижросини таъминлаш бўйича ҳудудда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда.
– Маҳаллага 326 та янги темир-бетон таянч устунлар ўрнатилиб, қўшимча 2 та 250 кВАли трансформатор пункти ва 6.1 км масофа бўйлаб янги тармоқ қуриш ишлари амалга оширилди, – дейди “Наманган ҳудудий электр тармоқлари” корхонаси акционерлик жамияти Капитал қурилиш бўйича директори Дилмурод Мамажонов.
– Аҳолини электр энергияси билан таъминлаш борасидаги ишлар давом этмоқда.
[gallery-1424]
Шунингдек, ҳудудда бунёдкорлик, қурилиш ишларини қисқа муддатда сифатли якунлаш ва навбатдаги маҳаллага ўтиш бўйича барча чора-тадбирлар бажарилмоқда.
Ҳудудга 24 километрлик тоза ичимлик суви тармоғи тортилиши натижасида нафақат “Бунёдкор”, балки Наманган шаҳрининг юқори қисмида жойлашган 24 та маҳалланинг ҳам сув таъминоти яхшиланади. Бу ерда ташкил этилаётган кичик саноат зонасида эса 46 та кичик корхона иш бошлаб, 3 минг кишини иш билан таъминлаш имкони вужудга келади.
Ҳотам МАМАДАЛИЕВ (сурат), ЎзА