Булунғурлик тадбиркорлар билан учрашув
Ўтган йил 20 август куни давлатимиз раҳбари юртимиз тадбиркорлари билан очиқ мулоқот ўтказганди. Ушбу учрашувда ишбилармонларнинг кўплаб муаммо ва масалаларига ечим топилган ва Президентимиз таклифи билан бундай тадбирларни мунтазам ўтказиш ҳамда 10 августни Тадбиркорлар куни сифатида белгилаш таклиф қилинганди.
Ана шу таклиф ва ташаббуслар асосида бу йил мамлакатимиз тадбиркорлари илк бор ушбу санани байрам қилади. Шунингдек, давлатимиз раҳбарининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотини ўтказиш ҳам кўзда тутилган.

Айни пайтда ушбу учрашувга қизғин ҳозирлик кўрилмоқда. Тадбиркорларнинг савол ва мурожаатларини қабул қилиш учун ташкил этилган штаблар ҳамда Саll-марказга бугунгача республика бўйича 7200 дан ортиқ, Самарқанд вилоятидан 736 та мурожаат тушган.
Президентимиз жорий йилнинг 3 августида тадбиркорлар билан мулоқотга тайёргарлик масаласига бағишланган йиғилишида туман, шаҳар ва вилоятларда вазирлар ва ҳокимларнинг ишбилармонлар билан учрашувларини ўтказиш топшириғини берганди.
Самарқанд вилояти туманларида ҳам шу кунларда шундай учрашувлар ўтказилмоқда.

Булунғур туманида ўтказилган очиқ мулоқотда вилоят ҳокимининг ўринбосари Ойбек Мирзабеков, туман ҳокими Самандар Астонов ва бошқа масъуллар тадбиркорларнинг фаолиятидаги тўсиқлар, уларни қийнаётган масалаларни эшитди. Асосан имтиёзли банк кредити, ер ва бино ажратиш, солиқ маъмурчилиги ҳамда инфратузилма масалаларида мурожаатлар қайд этилди. Жумладан, “Bulung‘ur fruits” қўшма корхонаси айланма маблағ учун 500 минг доллар кредит олиш, “Paradaise Gold” МЧЖ банк кредитининг тўланган қисмига мос равишда гаровга қўйилган корхонага тегишли ер майдонини тақиқдан чиқариш ва ундан фаол фойдаланиш, “Metin business fruits” МЧЖ солиқ маъмурчилиги борасида муаммоларга дуч келаётганлигини билдирди.
Учрашувда тадбиркорлар томонидан 18 та мурожат ва 1 та таклиф билдирилди. Ҳар бир мурожаат шу жойнинг ўзида соҳа мутахассислари иштирокида ўрганилиб, ижроси юзасидан вазифалар белгилаб олинди. Республика даражасидаги масалалар рўйхати шакллантирилди.
Ғ.ҲАСАНОВ, ЎзА