Булоқбошида етиштирилган мевалар экспорт қилинмоқда
Боғдорчилик
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги ривожида боғдорчиликнинг ўрни ва аҳамияти ниҳоятда катта. Халқимиз дастурхонини сифатли ва сархил мевалар билан таъминлаш мақсадида юртимизда боғдорчилик ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Андижон вилояти Булоқбоши туманида ҳам эътиборга молик ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, соҳани ривожлантириш, боғлар ҳосилдорлигини кўтариш, янги боғлар яратиш, мавжудларини реконструкция қилиш, мева ва узум экспорти ҳажмини ошириш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.
Айни пайтда туманда боғдорчилик ва узумчиликка ихтисослашган 132 тафермер хўжалиги фаолият кўрсатмоқда. Улар томонидан бир минг гектарга яқин боғ ва токзорлар парвариш қилинмоқда. Ана шу хўжаликлар, қолаверса, аҳоли хонадонларида етиштирилаётган сархил, витаминга бой мева ва узумлар нафақат халқимиз дастурхони тўкинлигини таъминламоқда, балки кўплаб хорижий давлатларга экспорт қилинмоқда.
[gallery-18321]
Булоқбоши туманида боғдорчилик, мева етиштириш борасида ўзига хос тажриба мактаби яратилган. Боғ парваришида илғор технология ва тажрибалар амалиётга татбиқ этилаётганлиги, турли касалликларга қарши белгиланган тартибда ишлов берилаётганлиги, умуман, белгиланган агротехник тадбирларнинг ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш боғлардан юқори ҳосил олиш имконини бермоқда.
Тумандаги “Дўланлик боғбон меваси”, “Муҳаммадали Бурхонов”, “Исаев Илёсбек”, “Гайратбек Мўминов” сингари илғор боғдорчилик-узумчилик хўжаликларида ишлар намунали йўлга қўйилган.
Жорий йилда тумандаги мавжуд шафтоли, ўрик, олма, гилос ва олхўри боғларидан юқори ҳосил олинди. Етиштирилган ҳосил ички бозорда сотилмоқда, маълум қисми экспорт қилинмоқда.
– Ўтган йили туманда 1,9 миллион долларлик мева-сабзавот, узум ва қуритилган мева экспорт қилинган бўлса, жорий йилда 5 миллион 44 минг доллар қийматдаги мева, сабзавот ва узум экспорт қилиниши режалаштирилган, – дейди Булоқбоши тумани ҳокими ўринбосари Элёрбек Нишонов. – Ўтган олти ойда эса 1 миллион 350 минг долларлик гилос, ўрик, турли сабзавотлар қатор хорижий давлатларга экспорт қилинди.
Туманда боғбон ва деҳқонлар томонидан етиштирилган мева-сабзавотларни сотиш, экспорт қилиш ишлари “Frech Fruit EX-IMP-2022”, “Buloqboshi eko agro”, “Axmadjon Eko Frut”, “Farruh Farxod textile” сингари экспорт фаолияти билан шуғулланувчи корхоналар томонидан амалга оширилмоқда.
– Корхонамиз тасарруфида 28 гектар ер бўлиб, асосан, пиёз, саримсоқпиёз ва картошка етиштирамиз, – дейди тумандаги “Buloqboshi eko agro” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Эгамберди Собиров. – Ўзимиз етиштирган маҳсулотлар, шунингдек, тумандаги боғдорчилик фермер хўжаликларида етиштирилган меваларни харид қилиб, асосан, Россия, Польша давлатларига экспорт қиламиз.
Бундан ташқари 700 тонна сиғимга эга музлаткичимизда мева-сабзавотларни сақлаб, қиш-баҳор ойларида ички ва қўшни давлатлар бозорига етказиб берамиз.
Қумариқ маҳалласи ҳудудида жойлашган “Жалолиддин Қодиров” фермер хўжалиги томонидан 8,6 гектар боғда асосан, олма ва шафтоли етиштирилади.
– Бу йил мевалардан мўл ҳосил етиштирилди, – дейди хўжалик раҳбари Жалолиддин Қодиров. – Меваларни ички бозорда сотяпмиз, маълум қисми эса экспортёр корхоналар орқали қўшни давлатларга, Россияга экспорт қилинмоқда.
Очиғи, хўжалик боғида етиштирилган чиройли, болдай ширин, сервитамин олма ва шафтолиларни кўрган кишининг кўзи қувонади. Эл-юрт дастурхонини ана шундай мевалар билан тўлдираётган боғбонлар меҳнатига ҳар қанча таҳсинлар айтса ярашади.
Булоқбоши туманида узумчилик билан шуғулланиб юқори ҳосил, катта даромад олаётган фермер хўжаликлар талайгина, қолаверса, узум етиштириш тумандаги қатор маҳаллаларнинг асосий драйверига айланган.
– Хўжалигимиз 12,8 гектар майдонда узум боғи ташкил этган, – дейди “Муҳаммадали Бурхонов” фермер хўжалиги раҳбари М.Бурхонов. – Боғимизда “Андижон қора”, “Ризамат ота”, “Ҳусайни”, “Келин бармоқ” сингари серҳосил маҳаллий нав узумлар парвариш қилинмоқда. Боғимиз ҳали ёш барпо этилганига бу йил тўрт йил бўлди. Ўтган йили гектаридан 3-5 тонна ҳосил олган бўлсак, бу йил 10 тоннагача ҳосил олишни мўлжаллаб турибмиз. Етиштирилган маҳсулотни ички бозорда сотамиз, асосий қисмини эса экспортёр корхоналар орқали Қирғизистон, Қозоғистон, Россия давлатларига экспорт қиламиз.
Шу ўринда айтиш керакки, туманда аҳолининг узумчилик соҳасидаги тажрибасидан келиб чиқиб Тошкечик, Учкўча, Буюк турон, Қумгузар, Фаровон, Хонтепа, Гулистон, Боймаҳалла, Юксалиш, Шохгузар ва Дўлана маҳаллалари узум етиштиришга ихтисослаштирилмоқда.
Мазкур маҳаллалар аҳоли хонадонларидаги мавжуд 300 гектардан зиёд томорқа майдонидан йилига 7-10 минг тонна узум етиштириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Бундан ташқари “Булоқбоши тажрибаси” сифатида маҳалла кўчаларига сўртоклар қурилаётганлиги ҳам юқори самара бермоқда.
Кейинги уч йил ичида тумандаги 21 та маҳалланинг 40 та кўчасида 982 та хонадонда кредит эвазига 26 километр узунликдаги узум ишкомлари барпо этилди. Қурилган сўртокларнинг маълум қисмига янги кўчатлар ўтказилди. Ушбу тажрибани давом эттириб, 2025 йил якунига қадар яна 20 километр ички йўлларга ишкомлар қуриш орқали 300 гектар янги токзорлар яратилиши кўзда тутилган.
Таъкидлаш жоизки, туманда етиштирилган меваларни экспортёр корхоналар томонидан сотиб олиш, экспортга йўналтириш борасидаги ишларга эътибор янада кучайтирилиши лозим. Чунки мевалар пишган, ҳосил мўл. Улар ўз вақтида узиб сотилмаса ёки музхоналарга сақлашга қўйилмаса, мевалар исроф бўлади, қолаверса, боғбонларнинг даромади камаяди. Бу ишларни самарали ташкил этиш нафақат хўжаликлар, балки туман иқтисодиётини кўтаришда муҳим аҳамият касб этади.
Бир сўз билан айтганда, бугун Булоқбоши туманида боғдорчиликни ривожлантириш, мева-сабзавот экспорти ҳажмини ошириш, умуман, боғдорчиликни юқори даромад келтирадиган тармоққа айлантиришга қаратилган ишлар изчил ва тизимли равишда олиб борилмоқда.
Фахриддин Убайдуллаев,
Зуҳриддин Умрзоқов (фото),
ЎзА мухбирлари.