Бухорода миллий кўргазма
Бухорода банк технологиялари, асбоб-ускуналари ва хизматлари “BankExpo – 2016” ҳудудий миллий кўргазмаси ўтказилди.
Бухорода банк технологиялари, асбоб-ускуналари ва хизматлари “BankExpo – 2016” ҳудудий миллий кўргазмаси ўтказилди.Ўзбекистон Республикаси Марказий банки ташаббуси билан Бухоро вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилган тадбирда кичик бизнес субъектлари раҳбарлари, хорижий корхоналар вакиллари, касб-ҳунар коллежлари битирувчилари иштирок этди.
Президентимизнинг 2014 йил 6 февралдаги “Ўзбекистон Республикасида ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижросини таъминлаш, оилавий бизнес ва хусусий тадбиркорликни янада ривожлантириш, янги иш ўринлари яратишга кўмаклашиш мақсадида ўтказилган кўргазма тижорат банклари билан бирга етакчи суғурта, лизинг компаниялари учун ўз маҳсулоти ва хизматлари тақдимоти вазифасини ўтади.
Жорий йилда вилоят молия муассасалари томонидан тадбиркорликни ривожлантиришга 646 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилиши кўзда тутилган. Ўтган беш ойда тадбиркорларнинг лойиҳаларини молиялаштиришга 221 миллиард сўм сарфланди. Экспорт салоҳиятини мустаҳкамлаш учун 100 миллиард сўмдан зиёд банк инвестицияси ажратилди.
– Банклар барча субъектлар, жумладан, хорижий корхоналарнинг бизнес режалари муваффақиятли амалга оширилишида ишончли ҳамкорга айланган, – дейди “ДЭУ текстайл Бухоро” корхонаси бош директори Бён Чунг Соп. – Шу ўринда бизга хизмат кўрсатувчи Ўзбекистон Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки вилоят бошқармаси билан мустаҳкам ҳамкорлик ўрнатилганини таъкидлашни истардим. Пахта толасини харид қилишда банк кафолат бераётгани ишлаб чиқариш жараёнлари барқарорлигини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Тижорат банклари мижозлар талабига жавоб берадиган юқори технологик ишланмалардан кенг фойдаланмоқда. Масалан, онлайн тизимида ишлайдиган “Мижоз банк”, “СМС банк”, “Интернет банк”, “Клик” каби хизматлар мижозларга вақтни тежаш имконини бераётир. Кўргазмада тижорат банкларида ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш истиқболлари ҳақида кенг маълумот берилди.