Бугунги ўғил-қизлар кечаги эмас (+видео)
Бугунги интилувчан, ташаббускор ёшлар, ўғил-қизлар, болалар катта-катта марраларни кўзлаётган, замонавий билимларни тезкорлик билан ўзлаштираётган авлоддир.
Уларга шунчаки сабоқ бериб бўлмайди. Ўқитувчи ўз устида ишламаса, янгиликларни ўрганмаса, ўқувчиларидан бир қадам олдинда юрмаса натижага эришиб бўлмайди.
Президентимиз таъбири билан айтганда, улар “Бизга кечаги кун таълими керак эмас” деган талабни қўйяпти. Бу эса соҳа ходимларидан янада кўпроқ масъулият, ҳаракат, меҳнатни талаб этади.
Интилувчи болаларга мос билимга эга бўлиш учун педагогларга ҳам имкониятлар берилиб, шарт-шароитлар яратилмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев таълим соҳаси мутасаддилари ва ўқитувчилар билан мулоқотда: “Бугун кечагидек дарс беришни қабул қилиб бўлмайди. Буни ота-оналар ҳам ўқувчилар ҳам қабул қилмайди. Ота-оналарнинг ҳам масъулиятини оширишимиз керак”, деди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/QxhDI34ghF8" title="Бугунги ўғил-қизлар кечаги эмас" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" allowfullscreen></iframe>Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 17 январдаги қарори билан Халқ таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини ташкил этиш тартиби тўғрисида Низом тасдиқланган эди. Унга кўра, халқ таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизимини ташкил этиш, улардаги касб маҳорати ва малака савиясининг доимий ўсиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш, замонавий талабларга мувофиқ қайта тайёрлаш, мунтазам равишда малака ошириб боришнинг самарали механизмларини жорий этиш асосида ходимларнинг юқори савиядаги узлуксиз касбий тайёргарлигини таъминлаш белгиланган.
Вазифалар ижроси доирасида умумий ўрта таълим мактаб директори ва мактаб ўқитувчисининг касб стандарти ишлаб чиқилди, амалиётга жорий этилди.
Давлатимиз раҳбарининг 2022 йил 11 майдаги “2022-2026 йилларда халқ таълимини ривожлантириш бўйича миллий дастурни тасдиқлаш тўғрисида”ги фармонига мувофиқ, А.Авлоний номидаги халқ таълими муаммоларини ўрганиш ва истиқболларини белгилаш илмий-тадқиқот институти негизида А.Авлоний номидаги педагогларни касбий ривожлантириш ва янги методикаларга ўргатиш миллий-тадқиқот институти қайта ташкил этилди.
Мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг мазкур миллий-тадқиқот институти илмий ходимлари ва таянч докторантлари, стажёр тадқиқотчилари соҳа тараққиёти йўлида, янгиликларни ўрганиш ва татбиқ этиш йўлида илмий изланишлар олиб бормоқда. 2021/2022 ўқув йилида қабул қилинган магистрларнинг 26 нафари ўз илмий ишини муваффақиятли ҳимоя қилди. 2022 йил учун “Таълимда менежмент” ихтисослиги бўйича 10 нафар таянч докторант, 9 нафар мустақил изланувчи, 2 нафар стажёр-тадқиқотчи қабул қилинди.
Бундан ташқари ўтган бир йил давомида мактаб директорларини танлаш ва тайинлашда амалий кўмак берувчи “Мактабда бошқарув“ номли услубий қўлланма, бошланғич синф ўқитувчилари учун “Science” фанларини ўқитиш бўйича методик қўлланма, 2021/2022 ўқув йили учун “Халқ таълими рақамларда”, “Таълим-тарбия самарадорлигини оширишда мактабдан ташқари таълим муассасаларини тўгарак фаолиятини такомиллаштириш, жамоат ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик механизмини ривожлантириш” номли рисолалар тайёрланди.
Ўтган йил давомида 473 854 нафар ўқитувчининг етти компетенция бўйича малакаси оширилиб, касбий салоҳияти 53,4 фоиздан 85 фоизга кўтарилди, шунингдек, 8 та компетентлик асосида 7228 нафар мактаб директорининг малакаси оширилиб, уларнинг билим кўникмалари 44,3 фоиздан 88,4 фоизга ошди.
Муҳим жиҳати, платформадан фойдаланишда кўмак бериш мақсадида ташкил этилган 24/7 форматдаги телеграм гуруҳ орқали 250 000 дан ортиқ педагогларга кўмак берилди. Ушбу гуруҳда педагоглар билан жами 704 000 ёзишма алмашилган.
Тажрибада илк бор 755 нафар мактаб ўқитувчиси нодавлат таълим ташкилотларида малака оширди. Шунингдек, “Узлуксиз касбий таълим” электрон платформаси орқали мустақил таълим шаклида – 210 638 нафар ҳамда Муқобил малака ошириш шакли бўйича 14 000 нафарга яқин педагог ходимлар малака оширган.
Кембриж тажрибасига асосланган ўқитувчиларнинг педагогик маҳоратини ошириш бўйича сайёр ўқув машғулотларини самарали ташкил этиш мақсадида 561 нафар тренер тайёрланди ва республика бўйича 2034 та мактабнинг 101 199 нафар педагог ходимнинг малакаси оширилди.
Юртимизда хорижий тилларни ўқитиш, хорижий тил ўқитувчилари малакасини ошириш, уларни қўллаб-қувватлаш борасида ҳам тизимли ишлар қилинмоқда. Шу мақсадда Британия Кенгашининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда “Ёзги таътил” дастури асосида юз нафар инглиз тили фани ўқитувчиларининг малакаси оширилди.
Халқ таълими ходимларининг шахсий касбий салоҳиятининг индивидуал ва жамият эҳтиёжларига мос равишда ҳаёт давомида ўсиши жараёнини қамраб олган, компетентлик даражасини ошириш ва касбий маҳоратини такомиллаштириш механизми ҳисобланган “Узлуксиз касбий ривожланиш-2022” лойиҳаси доирасида 22 та фан бўйича 1068 та контент материаллари тайёрланди ва электрон платформага жойлаштирилди.
Узлуксиз касбий ривожлантириш (малака ошириш) курслари учун 33 та фан йўналишининг контенти, жумладан, 1120 та маъруза, 1120 та тақдимот, 1120 та видеодарс, 7840 та қўшимча адабиётлар, 7308 та тест топшириқлар яратилди ва электрон платформага жойлаштирилди. Малака ошириш контентини яратишда илк бор хорижий ва маҳаллий хусусий сектор вакиллари жалб этилди ва шу асосида 291 та видео курс яратилди.
А.Авлоний номидаги миллий-тадқиқот институти 2023 йилда “Узлуксиз касбий таълим” махсус электрон платформасининг мобиль иловасини ишлаб чиқиш, ўқитувчиларнинг малака тоифасини кўтаришга кўмаклашувчи аттестацияга тайёрловчи мақсадли онлайн курсларни яратиш, тоифага эга бўлмаган ўқитувчиларнинг билим ва кўникмаларини диагностикадан ўтказишни режалаштирмоқда. Умумий ўрта таълим муассасалари учун ижтимоий-гуманитар ва табиий фанлардан янги методикалар бўйича методик қўлланмалар яратиш, мактабларда таълим сифатини оширишга ва синфларни ихтисослаштиришга қаратилган намунавий вариатив ўқув режалар ишлаб чиқиш ва тўплам шаклида нашр этиш, юқори малакали психологлар иштирокида 5-, 7-, 9-, 11-синфлар кесимида касбий диагностика материаллари (анкета, тест, тренажёрлар)ни ишлаб чиқиш ҳам белгиланган. Сунъий интеллект (AI) ёрдамида маълумотларни олиш ва прогноз қилишни ташкиллаштириш, мактабларда сунъий интеллектни ўқитиш методларини ишлаб чиқиш, Lesson study методологиясини умумтаълим мактабларида тарғиб қилиш, ушбу методика асосида дарсларни таҳлил қилиш тизимини йўлга қўйиш, Япониянинг Нагоя университети билан ҳамкорликда “Японияда таълим тизими ва уни бошқарилиши” номли ўқув қўлланма ёзиш ва умумтаълим мактабларига тарқатиш кўзда тутилган. Шунингдек, UNESCO халқаро ташкилоти билан ҳамкорликда ҳудудий миллий марказларида STEM йўналиши бўйича лабораториялар ташкил қилиш ва мутахассисларни қайта тайёрлаш йўлида амалий ишлар бошланган.
Таълим соҳасини чуқур ислоҳ қилиш, сифатни ошириш, халқаро тажриба асосида янгидан ташкил этишга қаратилган саъй-ҳаракатлар тизимни янги босқичга олиб чиқади. Ўзбекистон бунёдкори бўлмиш ёшларга таълим-тарбия берувчи устозлар энг илғор таълим дастурлари асосида чуқур билим олиб, мамлакат тараққиёти, халқимиз фаровонлигига ҳисса қўшадиган етук мутахассислар бўлиб улғайишига кўмаклашади.
Б.Мелиқулова, ЎзА