Бугунги ҳамкорликлар янги имкониятлар эшигини очади
Глобаллашув шароитида олий таълим муассасаларининг халқаро майдондаги фаоллиги мамлакат интеллектуал салоҳиятини белгилайдиган муҳим омиллардан бирига айланмоқда. Жиззах политехника институти делегациясининг Қозоғистоннинг етакчи университетларига амалий ташрифи нафақат тажриба алмашиш, балки муҳандислик таълими, илм-фан ва инновацияларнинг янги уфқларини очишга хизмат қилувчи муҳим қадам бўлди.
Бугун дунё университетлари ўртасидаги рақобат аудиториялар эмас, балки билимлар, инновациялар ва илмий мактаблар майдонида кечмоқда. Ана шундай шароитда Жиззах политехника институтининг халқаро ҳамкорликни кенгайтиришга қаратилган навбатдаги ташаббуси эътиборга лойиқ.

Институт вакиллари Қозоғистон Республикасининг Олмаота шаҳрида жойлашган нуфузли олий таълим муассасалари — М.Тинишпаев номидаги АЛТ университети ҳамда Фаробий номидаги Қозоғистон Миллий университетида бўлиб, мазкур таълим масканларининг илмий-инновацион салоҳияти билан яқиндан танишишди.
Делегация таркибидан транспорт муҳандислиги факультети декани М.Мирзабеков, қурилиш муҳандислиги кафедраси профессори Ш.Аликабулов, муҳандислик коммуникациялари кафедраси мудири Ш.Мусаев, ижтимоий фанлар кафедраси мудири Ш.Тўратов ҳамда кафедра ўқитувчиси О.Абдувалиев ўрин олди.

Ташриф давомида университетларнинг замонавий кампуслари, ўқув аудиториялари, илмий-тадқиқот лабораториялари ва малака ошириш марказлари фаолияти ўрганилди. Айниқса, таълим жараёнига рақамли технологияларни жорий этиш, инновацион ишланмаларни амалиётга татбиқ қилиш ҳамда илмий тадқиқотларни ташкил этиш бўйича илғор тажрибалар меҳмонларда катта қизиқиш уйғотди.
Мазкур ишлар мамлакатимизда олий таълим тизимини халқаро стандартлар асосида ривожлантиришга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар билан ҳамоҳангдир. Хусусан, Президентимизнинг 2021 йил 10-декабрда қабул қилинган “Иқтисодиёт тармоқлари учун муҳандис кадрларни тайёрлаш тизимини инновация ва рақамлаштириш асосида тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” қарори муҳандислик таълимини халқаро тажриба асосида модернизация қилиш, таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини кучайтириш бўйича устувор вазифаларни белгилаб берган. Бугун Жиззах политехника институти томонидан амалга оширилаётган халқаро ҳамкорлик ташаббуслари айнан ушбу вазифаларнинг амалий ифодаси сифатида намоён бўлмоқда.

Учрашувлар чоғида томонлар илмий-тадқиқот ишларини ҳамкорликда амалга ошириш, технологик кўргазмалар ташкил этиш, талабалар учун қисқа муддатли ўқув курсларини йўлга қўйиш, дуал таълим имкониятларини кенгайтириш ҳамда академик мобиллик дастурларини ривожлантириш масалалари юзасидан келишувларга эришди.
— Замонавий муҳандис нафақат назарий билимга, балки халқаро тажриба ва инновацион фикрлаш кўникмасига ҳам эга бўлиши керак. Бугунги ҳамкорликлар талабаларимиз ва ёш олимларимиз учун янги имкониятлар эшигини очишига ишончим комил, — дейди транспорт муҳандислиги факультетининг декани Миркомил Мирзабеков.

Дарҳақиқат, бугун таълим муассасалари тараққиётини халқаро ҳамкорликсиз тасаввур этиш қийин. Илм-фан чегара билмайди. Университетлар ўртасида мустаҳкамланаётган алоқалар эса янги билимлар, қўшма тадқиқотлар ва рақобатбардош кадрлар тайёрлаш учун мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди.
Жиззах политехника институти делегациясининг мазкур ташрифи ҳам таълим, илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграциясини янада мустаҳкамлаш, халқаро ҳамкорлик географиясини кенгайтириш ҳамда талаба-ёшлар учун янги имкониятлар яратиш сари ташланган муҳим қадам сифатида аҳамият касб этади. Зеро, замонавий тараққиётнинг энг қисқа йўли — билим ва тажриба алмашувидан бошланади.
Абдужалол Қаюмов,ЎзА мухбири