Бугунги долзарб вазифа – ҳосилни тез ва сифатли териб олиш
“Пахта – 2023”
Жорий йилда Бухоро вилоятида жами 96 минг 220 гектар ерда ғўза парваришланди. Вилоятда бевосита пахтачиликка ихтисослашган 3 минг 17 та фермер хўжалиги билан мавсум олдидан тузилган шартнома режаларига мувофиқ агротехник тадбирлар талаб даражасида олиб борилди. Мутахассислар мўлжалига биноан мавсумда етиштириладиган ва қайта ишлашга йўналтириладиган ялпи хирмон салмоғи ҳам 400 минг тоннага етказилиши белгиланган. Шунда ҳар бир фермер хўжалиги ҳисобига пахта етиштириш бўйича гектарлар ҳосилдорлиги 41 центнердан оширилади.

Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов қишлоқ хўжалигида белгиланган агротехник тадбирлар, хусусан, пахта теримини уюшқоқлик билан ташкил этиш бўйича олиб борилаётган ишлар билан яқиндан танишиш ва бу борадаги вазифалар ижросини ўрганиш мақсадида қатор туманларда бўлди.
Шу кеча-кундузда вилоят пахтакорлари йил бўйи заҳмат билан етиштирган “оқ олтин” ҳосилини нест-нобуд қилмасдан йиғиштириб олишга бор куч-ғайратларини сафарбар қилишмоқда. Вилоят раҳбарининг назорат тартибидаги ўрганишлари Вобкент туманидан бошланди.

Вобкент туманида бевосита пахтачиликда банд бўлган 331 та фермер хўжалиги тасарруфидаги 9 минг 674 гектар майдонда маҳаллий иқлимга мос истиқболли пахта навлари етиштирилмоқда. Вобкент тумани етиштириладиган пахта салмоғи бўйича ҳам вилоятда етакчи ўринлардан бирини банд этган. Бу йилги мураккаб об-ҳаво шароити, жумладан, июнь-июль ойларида ҳаво ҳароратининг кескин кўтарилгани, гармсель ташвиши пахтакор деҳқонлар тажриба ва маҳоратини обдон синовдан ўтказди. Жорий йилда “Бухоро Агрокластер” МЧЖ томонидан Вобкент туманида 329 та фермер хўжалиги билан тузилган тегишли шартномага мувофиқ 9 минг 547 гектар майдонга “Бухоро-6” ва “Бухоро-8” навли пахта экилиб парваришланмоқда. Шартномага кўра, бу йилги хирмон салмоғини 39 минг 811 тоннага етказиш кўзда тутилган.

Ҳудудда илғор фермер хўжаликларида “оқ олтин” ҳосили йиғим-терими аллақачон бошланган.
Маълумот учун: йиғим-теримга фермер хўжаликларига яқиндан кўмаклашадиган 181 та отряд сафида 17 минг 600 дан ортиқ кўнгилли теримчи сафарбар этилган. Уларнинг 6 минг 950 нафари фермер хўжаликларининг доимий аъзолари бўлса, 8 минг 890 нафардан ортиғи уйда ишсиз ўтирган фуқаролар, кам таъминланган оилаларнинг меҳнатга лаёқатли аъзоларидир. Уларга ҳар килограм пахта тергани учун дала бошида 1500 сўмдан ҳақ берилмоқда.
– Умумий экин майдонимизда деҳқончилик қилиб келаётган бўлсак, шундан 26 гектарида пахта етиштирмоқдамиз, – дейди “Кумушкент” маҳалла фуқаролар йиғинида фаолият юритаётган “Отабек Оғажон” фермер хўжалиги раҳбари Ойбек Нарзиев. – Бу йил давлат шартнома режаси 112 тоннадан кам эмас, аммо бу “довон”дан ҳам мардонавор ўтишимизга кўзимиз етиб турибди. Сабаби меҳнатимизга яраша даламизда ҳосил чўғи баланд. Шу боис ҳафта бошидан пахта йиғим-теримини бошлаб юбордик. Дала бошида иссиқ овқат ва бошқа шарт-шароитни ҳозирладик.

Ботир Зарипов бошчилигидаги мутасаддилар Кумушкент маҳалласи ҳудудидаги “Отабек Оғажон”, “Муҳаммад Яхшимурод”, “Усмон Ўғилой Раҳима” каби фермер хўжаликлари пахтазорларида ҳам бўлди. Етиштирилган ҳосил салмоғига баҳо берди. Ҳудудда ҳамжиҳатлик билан бошланган йиғим–теримда пешқадамлик қилаётган моҳир теримчилар рағбатлантирилди.
Ўрганишларнинг навбатдаги манзили Ғиждувон тумани бўлди.
Жорий йилги пахта мавсумида пахтачиликка ихтисослашган 280 та фермер хўжалиги ва кластер 9 минг 303 гектар майдонда пахта хомашёсини етиштирди. Туман миришкорлари давлатга 36 минг 586 тонна пахта топширишни мақсад қилишган. Жорий мавсумда 251 та отряд сафида 16 минг 150 нафар теримчи уюшқоқлик билан теримда иштирок этмоқда. Уларнинг 6 минг 400 нафари фермер хўжаликлари аъзолари бўлса, қолган 9 минг 750 нафари уйда ишсиз ўтирган фуқаролар, кам таъминланган оилаларнинг меҳнатга лаёқатли аъзоларидир.
Тумандаги дастлабги манзил “Зарафшон” ҳудудидаги “Ферузабону” фермер хўжалиги далалари бўлди. Хўжалик вакиллари ихтиёрида 26 гектар ер майдони бўлиб, шундан 16 гектарида пахта парваришланган. Улар 72 тонна давлатга тайёр пахта хомашёси топшириш мажбуриятини олишган. Қишлоқ хўжалигига алоқадор соҳа вакиллари, сектор раҳбарлари теримчиларга яратилган шароитлар билан яқиндан танишиб, улар билан мулоқот қилишди.

Ботир Зарипов бошчилигидаги мутасаддилар шу куни ҳудуддаги “Абдусалом Саттор саховати”, “Табаррук замин”, “Гулистон” ҳудудидаги “Гулистон Зариф чорвадор”, “Мирзо Ўрин омади” фермер хўжаликлари пахта майдонларида бўлиб, ҳосилнинг шу кеча кундуздаги аҳволи, терим жараёнларининг бориши, теримчиларга яратилган шароитлар билан танишишди.

Ҳудудларда олиб борилган ўрганишларда таъкидланганидек, ғўза парваришининг сўнгги агротехник тадбирлари, қолаверса, йиғим-теримда ҳар бир кун ғанимат эканлигини миришкор деҳқонлар яхши билишади. Бу борада ҳар бир фермер ва деҳқондан жонбозлик талаб этилаётгани ҳам бежиз эмас. Шу мақсадда эндиги вазифа миришкорларнинг йил бўйи чеккан заҳмати, пешона тери эвазига етиштирилган ҳосилни нес-нобуд қилмасдан, сифатли саранжомлаб олишдир.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири