Бугундан муддатидан олдин овоз бериш бошланди
24 октябрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови ҳал қилувчи босқичга кирди.
Фарғона вилоятидаги 1 минг 203 та сайлов участкаларида тайёргарлик ишлари қизғин олиб борилмоқда. Бу сиёсий жараёнда 2 миллион 182 мингдан зиёд фарғоналиклар конституциявий ҳуқуқларини амалга оширади. Сайловчиларнинг 634 минг 586 нафарини 18-30 ёшдагилар ташкил этаётган бўлса, 141 минг 615 нафари биринчи марта овоз берувчи ёшлардир.
Сайлов участкаларида Марказий сайлов комиссиясининг қарори асосида қабул қилинган “Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказишда коронавирус инфекцияси (COVID-19)ни тарқалиши хавфини олдини олиш тўғрисида”ги йўриқнома асосида ишлар ташкил этилмоқда. Комиссия аъзолари, сайловчилар, кузатувчилар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳимоя ва профилактика воситаларидан фойдаланади.
-Сайлов куни ўз яшаш жойида бўлиш имкониятига эга бўлмаган сайловчи муддатидан олдин овоз бериш ҳуқуқига эга, -дейди Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи 11–Фарғона округ сайлов комиссияси раиси Эркинжон Нуралиев. - Муддатидан олдин овоз бериш сайловга ўн кун қолганида, яъни бугун 2021 йил 14 октябрдан бошланди ва сайловга уч кун қолганида тўхтатилади. Сайловчи сайлов кунида бўла олмаслигининг сабаблари (таътил, хизмат сафари, хорижга чиқиш ва ҳоказо) кўрсатилган ариза асосида муддатидан олтин овоз бериш ҳуқуқидан фойдаланади. Бунинг учун сайлов участкаларимизда барча шароитлар яратилди, етарли сайлов бюллетенлари билан таъминланган.
М. Сулаймонов, ЎзА