Бугун Суперлига пешқадамлари тўқнашади
Футбол бўйича Ўзбекистон Суперлигасининг 19-турида “Сурхон“ — “Бунёдкор“ баҳси Самарқандда жойлашган “Динамо” стадионида бўлиб ўтди.
Кескин ва шиддатли ўтган баҳсда пойтахт клуби аъзоси Нажмиддин Нормуродов 34-дақиқада рақиб дарвозасини ишғол қилди ва ушбу гол ўйин тақдирини ҳал қилди. Шу тариқа, “қалдирғочлар“ ғалаба натижасида очколарини 18 така етказиб олган ҳолда 12-ўринга кўтарилиб олди.

Бугун, 23 сентябрь куни Қаршидаги “Марказий” стадионда “Насаф” ва “ОКМК” клублари ўзаро рақобатлашади. Бу учрашув барча футбол мухлису-мутахассислари эътиборида бўлиши шубҳасиз. Айни дамда, “Насаф” 41 очко билан Суперлигада пешқадам бўлиб турибди. “ОКМК” эса 35 очко билан Қарши шаҳри жамоасини таъқиб қилиб келмоқда.
Шу боис ҳам бугунги учрашувда ҳар икки жамоа ҳам фақат ғалаба учун майдонга тушади. Агарда Рўзиқул Бердиев жамоаси бу баҳсни ғалаба билан якунласа, чемпионликни деярли ҳал қилиб қўйган бўлади. Аммо Миржалол Қосимов жамоаси бу йилда ўзгача ўйин намойиш этмоқда ва кучли рақиб жамоаларга қарши ажойиб ўйин кўрсатиб, ўзи учун керакли бўлган натижани қайд этаётир.

Суперлиганинг 19-туридан ўрин олган Насаф — ОКМК учрашувини Ғайрат Жўраев бошқариб боради. Унга қанотларда Ҳусниддин Шодмонов ва Шавкат Раҳмонов ёрдам беради. Захира ҳаками сифатида Маъмур Илҳомов ишлайди. ВАР пультида Иброҳим Исмоилов бўлади. ВАР ассистенти сифатида Тимур Гайнуллин ёрдам беради. Ҳакамлар ишини Бобур Ҳайдаров назорат қилади. Даврон Иброҳим беллашувда комиссарлик қилади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА