Бугун Синдоров германиялик Блюбаум билан куч синашади
Кипрда жаҳон шахмат ишқибозлари эътибор марказидаги энг нуфузли мусобақа - Номзодлар турнирининг 1-тур ўйинлари ортда қолди.
Дунёнинг энг кучли 8 нафар эркак ва 8 нафар аёл гроссмейстерлар иштирокидаги курашлар давомида АҚШ, Россия, Хитой, Ҳиндистон, Нидерландия, Қозоғистон, Украина, Кипр давлатлари қаторида мамлакатимиз вакиллари ҳам борлиги барчамизга чексиз ифтихор бағишлади.

Даъвогарлар турнирида ҳамюртимиз, 2025 йилги жаҳон кубоги ғолиби Жавоҳир Синдоров дастлабки турда ФИДЕ байроғи остида турнирда иштирок этаётган россиялик Андрей Есипенко билан баҳс олиб борди.
Қизиқарли кечган баҳсда омад Жавоҳир томонида бўлди. Рақибининг кичик хатоларидан унумли фойдаланган Синдоров ғолибликни тантана қилди. Ҳиндистонлик Праггнанандха нидерландиялик Аниш Гири, АҚШлик Фабиано Каруана ҳамюрти Ҳикару Накамурани мағлуб этган бўлса, германиялик Матиас Блюбаум ва хитойлик Вей И қарама-қаршилигидаги ўйинда томонлар дурангга имзо чекди.

Бугун, 30 март куни ўтказиладиган 2-тур мусобақасида Жавоҳир Синдоров оқ доналарда Маттиас Блюбаум қаршилигини енгишга ҳаракат қилади.
Шунингдек, 2-турда Андрей Есипенко — Ҳикару Накамура, Аниш Гири — Фабиано Каруана, Вэй И — Праггнанандха ўртасидаги ўйинлар бўлиб ўтади.

Айланма тизимда 14 та турдан иборат бўлган мусобақалар 16 апрелга қадар давом этади
Т.Рўзиев,
ЎзА