Бугун одамлар бу соҳанинг вазифаларини тушунди...
Мустақиллик байрами арафасида юртимиз тараққиёти ва равнақига муносиб ҳисса қўшган турли соҳа вакилларини тақдирлаш анъанага айланган.
«Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг ўттиз бир йиллиги муносабати билан фан, таълим, соғлиқни сақлаш, спорт, адабиёт, маданият, санъат соҳалари ва оммавий ахборот воситалари ходимларидан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида»ги Президент фармонига кўра, Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи Баҳодир Юсупалиев II даражали «Саломатлик» ордени билан мукофотланди.
Мутасаддининг мукофотланиш жараёни, таассуротлари, фикрлари билан қизиқдик.
Баҳодир Юсупалиев, II даражали «Саломатлик» ордени соҳиби:
– Давлатимиз раҳбари мана шу мукофотни берганларида менга юксак ишонч билдирди. Ватанимиз, халқимизга сидқидилдан хизмат қиламан. Энг оғир пайтларда ҳам мутахассисларимиз қўлидан келганича пандемияни бартараф этишда қатнашди. 4-5 йил олдин санитария-эпидемиология хизмати нима деганда, ҳеч ким тушунмасди. Бугунга келиб, ажратилаётган маблағлар, кўрсатилаётган эътибор натижасида одамлар соҳанинг вазифаларини тушунди.
Масалан, айнан пандемия пайтида 20 миллиард сўмлик Миллий референс лабораторияси қурилиб, ишга туширилди. Санитария-эпидемиология хизматини, шахсан менинг ишимни шу даражадаги мукофотга лойиқ деб ўйламагандим. Бу нафақат менга, балки санитария-эпидемиология хизмати жамоасига берилган мукофотдир
Дарҳақиқат, олдинда ҳали қилишимиз керак бўлган жуда кўп ишлар бор...
Моҳигул Қосимова, ЎзА