Бугун минглаб ёшлар китоб ўқиш ғояси атрофида бирлашяпти (+видео)
Кўзларимиз кўриб турган олам, одам, коинот, ҳайвонот ва наботот бир қарашда оддий, синоатсиз туюлади. Аммо илм билан ёндашилса, тирик жон борки, сирларини очаверади. Мана нима учун илм олиш ва китоб ўқиш керак.
Келинг, шу ўринда китоб ўқишнинг илмий исботланган баъзи фойдаларини келтириб ўтамиз. Мутолаа, аввало, асабни тинчлантиради. Асаби тинч инсон атрофдагилар олдида ҳурматга эришиб бораверади, ўзгаларга зарари тегмайди. Мутолаа тушкунликка қарши курашишда ҳам кўмак беради. Ҳаётнинг ўнқир-чўнқирларидан қатъият билан ўта олган инсонда яшашга, яратувчанликка иштиёқ ошади. Мутолаа хотирани ва фикрлаш қобилиятини яхшилайди. Биз ҳар куни керак бўлса, ўнлаб инсонлар билан мулоқот қиламиз, турли ахборотларга дуч келамиз. Китоб билан ҳамроҳ инсон мана шу ахборотларни тўғри талқин қила олиш ва улар ҳақида шахсий фикрга эга бўлиш қобилиятини шакллантиради. Натижада ўз “мен”ини сақлаб қолади.
Бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Молиявий масалалар, саломатлик саводхонлиги, жиноятчиликдан йироқ юриш ва ҳоказо, ва ҳоказо... Буларнинг барчасига мутолаага иштиёқ билан ечим топиш мумкинлигини ҳаётнинг ўзи исботлаб бўлган.
Мана нима учун бугунги янги Ўзбекистон ёшлари китобга ошуфта қилинмоқда. Барчасининг замирида замонавий илмлар ва кашфиётларга ёндош бўлиш, улар асосида юрт тараққиётига ҳисса қўшиш ётибди.
Жорий йил бошида давлатимиз раҳбари томонидан қабул қилинган “Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор мамлакатимизда китоб ўқиш маданиятини кенг тарғиб қилиш, янги нашрлар ва таржималарни йўлга қўйиш ҳамда аҳоли орасида китобга қизиқишни кучайтириш борасида амалга оширилаётган ишларнинг навбатдагиси бўлди.
Президент Шавкат Мирзиёев 22 май куни Халқаро конгресс марказида Ўзбекистонда китобхонликни ривожлантириш бўйича умуммиллий ҳаракатга старт бериш чоғида бир фикрни алоҳида урғу билан таъкидлади: “Китоб ўқийдиган одам теран ва соғлом фикрлайди. Бундай тафаккурга эга инсон эса жамиятни ўзгартира олади”.
Юртимизда 2017 йилдан буён ўтказиб келинаётган “Ёш китобхон”, “Ёш китобхон оила” каби танловлар ва унда ғолиб бўлганларни алоҳида рағбатлантириш анъанага айланиб улгурди.
Жорий йил бошида қабул қилинган қарор асосида энг фаол китобхонларни қўллаб-қувватлаш бўйича янги тизим йўлга қўйилди. Яқинда “Ёш китобхон” танловининг навбатдаги республика босқичи якунланди. Унда мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан 42 нафар энг билимдон ва зукко ёшлар ўз иқтидори ва салоҳиятини намоён этди. Танловнинг уч нафар ғолиби Президент совғаси – замонавий автомобиллар билан тақдирланди.
“Мазкур танловда қандай ёшлар ғолиб бўлди, уларнинг салоҳияти нимаси билан ажралиб туради?” деган савол туғилиши мумкин.
– Президентимиз 2017 йил биринчи марта "Ёш китобхон" танловини эълон қилганди ва ўшанда “Автомобиль бериб бўлса ҳам, китоб ўқитаман”, деганди. Мана, ҳозир минглаб ёшлар китоб ўқиш ғояси атрофида бирлашяпти, – деди Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги директори Алишер Саъдуллаев. – Энг муҳими, иқтидорлар фақат шаҳар марказидан эмас, энг олис, чекка ҳудудлардан ҳам кашф этиляпти. Ғолибларимиз қандай қилиб сараланганлиги ва қаердан келишганлигига эътибор беринг. Ғолиб бўлган ёшларимиз олис ҳудудлар, мактаблар, маҳаллалардан келган.
Масалан, Жиззах вилояти Зомин туманининг олис маҳалласидан оддий бир деҳқончилик билан шуғулланаётган оиланинг фарзанди бугун китобхонлик танловининг ғолибига айланди ёки яна бир ёш ғолибимиз Сурхондарё вилояти Узун туманидан, яна бир ғолибимиз эса Бухоро вилоятининг Пешку туманидан. Уларнинг барчаси узоқ, чекка ҳудуддан келган. Давлатимиз раҳбари бу борадаги натижалар кўламини ҳис қилиб белгилаб берганидек энди биз янада катта маррага интиламиз, янги китобхонлик миллий ҳаракатини бошлаймиз. Миллий китобхонлик ҳаракати, бу жамиятимизни, ёшларимизни китобхонликка кенг тарғиб қилиш, уларга туртки бўлиш учун йўлга қўйиляпти. Бунинг замирида муҳим мақсад бор. Ҳар бир ёш китоб ўқишда илғор бўлади, ғолиб бўлишга интилади. Демак, буни яна қўллаб-қувватлашимиз, ривожлантиришимиз зарур.
Вақт – бебаҳо неъмат. Аммо мутолаага сарфланган вақт ундан-да қийматли саналади. Бугун китобхонлик танловида иштирок этиш ёшларга нималар бермоқда, уларнинг ота-оналарида қандай ҳиссиётлар бўлмоқда?
– "Ёш китобхон" танловида қизим Фарзонахон Носирова бешта босқичдан аъло баҳоларда ўтиб, автомашина ютиб олишга муваффақ бўлди. Фарзанднинг ютуғи, айниқса, илм йўлида эришган маррасидан қувониш ҳисси бошқача бўлар экан. Барча ёшларни мана шундай китобхонликка ундаб, юксак марраларни забт этишини тилаб қоламан. – деди Бухоро вилояти Пешку тумани “Туркистон” маҳалла фуқаролар йиғини профилактика инспектори Носир Боғиев.
– Бу танловни ташкил қилган ҳурматли Президентимизга катта раҳмат. Ҳозир ҳамма жойда ўқувчилар китобхонликка тарғиб қилиняпти. Шундай экан, биз фақат ўқишимиз керак. Китоб ўқиш, у орқали рағбатга эришишнинг гашти бошқача. Мен жуда хурсандман. Машинани эса албатта, отажонимга беришни хоҳладим, – деди "Ёш китобхон" танлови ғолиби Фарзонахон.
Видеоси қўйида:
<iframe width="560" height="315" src="https://www.youtube.com/embed/o8vRdRMu-YA?si=vDXN1R3VBkx3d3Ui" title="YouTube video player" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Абдулазиз РУСТАМОВ, Ёқуб МЕЛИБОЕВ (видео),
ЎзА