Бугун қандай бинолар ва уйлар қурилиши ўсиб бораётган дунё муаммосига ечим бўла олади?
Иқлимнинг ўзгариши ва углерод таъсирининг камайиши бугунги куннинг энг долзарб мавзуларидан бири бўлиб, мутахассислар орасида аҳамият касб этмоқда. Ушбу глобал муаммоларга шахс ва давлат даражасида қарши курашишнинг турли хил усуллари мавжуд. Бинолар ва уйларнинг қурилишини такомиллаштириш ўсиб бораётган муаммонинг ечими бўлиши мумкин.
Халқаро энергетика агентлиги мутахассисларининг ҳисоб-китобларига кўра, 2050 йилга қадар энергия тежайдиган бинолар технологияларининг кенг жорий этилиши карбонат ангидрид чиқиндиларини 2 млрд. метрик тоннага камайтиришга имкон беради. Масалан, бинолари умумий энергиянинг 40 фоизини истеъмол қиладиган Европа Иттифоқи 2020 йилдан бошлаб барча янги иншоотлар ўзининг энергиясини ишлаб чиқаришини ёқлаб чиқмоқда.
Дунёда бўйлаб муваффақиятли фаолият кўрсатаётган энергия-тежамкор бинолар ва уйларнинг бир нечта турларини кўриб чиқамиз.
ФАОЛ УЙ ЁКИ ҚЎШИМЧА ЭНЕРГИЯ УЙИ. Ижобий энергия балансига эга бўлган бино мустақил равишда ўз эҳтиёжлари учун етарли миқдорда энергияни ишлаб чиқаради. Бундай уй йилига атига 10-12 кВт с/м2 ни, оддий уй эса 200-240 кВт с/м2 ни истеъмол қилади. Фаол уй жуда кўп энергияни ишлаб чиқариб, тўпланган ортиқча — йилига 1500 кВт*с гача қувватни марказий тармоққа қайтариб бериши мумкин. Шунинг учун у харажат эмас, балки даромад манбаи бўла олади. Тўпланган электр энергиясини, масалан, оммалашиб бораётган электр автомобилларини қувватлашда сарфлаш мумкин. Ушбу самарага махсус технологиялар: табиий энергия, иссиқлик изоляцияси, иқлим назорати, иситиш назорати тизими, иссиқлик насослари, “ақлли уй“ тизими ёрдамида эришилади.
ПАССИВ УЙ. Бундай биноларни кўпинча “эко-уйлар“ деб аташади. Уларнинг асосий хусусияти энергияни тежашнинг пассив усулларидан фойдаланган ҳолда кам энергияни сарфлашдан иборат. Кўпинча пассив уйлар 80 фоиз энергияни тежаш имконини берадиган каркасли технологиядан фойдаланган ҳолда қурилади. Масалан, Финляндияда барча кам қаватли уйларнинг 95 фоизи шундай лойиҳалар бўйича бунёд этилади. Ушбу технологиядан фойдаланган ҳолда пассив уй қуришнинг ўта оммабоплиги лойиҳанинг тезкорлиги, тежамлилиги ва энергия самарадорлиги билан боғлиқ. Идеал ҳолдаги пассив уй қулай ҳароратни сақлаб туриш учун ҳеч қандай харажатларни талаб қилмайдиган мустақил энергия тизимидан иборат бўлиши керак. Пассив уйни иситиш одамлар ва маиший техника томонидан ишлаб чиқарилган иссиқлик эвазига ҳосил бўлиши лозим. Қўшимча “фаол“ иситиш зарурати туғилса, муқобил энергия манбалари ўрнатилади. Иссиқ сув таъминоти, шунингдек, иссиқлик насоси ёки қуёш сув иситгичи каби қайта тикланадиган энергия қурилмалари ҳисобига амалга оширилиши мумкин.

Бироқ карбонат ангидридни ўзида сақлаб турадиган ёки ўзига ютадиган бинолар ҳақида алоҳида сўз юритиш лозим. Бундай бинони нимадан қуриш мумкин? Ҳаммаси жуда оддий: , уйларни ёғоч каби аллақачон мавжуд бўлган материаллардан қуриш мумкин. Бу ерда шуни таъкидлаш керакки, қурилиш учун ёғочлар табиий ўрмонлардан олинмасдан, махсус плантацияларда етиштирилади. Бу эса ўрмонлар майдони қисқаришининг олдини олади.
2016 йилда Миннеаполисда бутунлай ёғочдан қурилган янги етти қаватли Т3 биноси очилди. Бу 100 йилдан ортиқ вақт ичида Шимолий Америкадаги энг катта ва АҚШдаги биринчи қурилган ёғоч бино эди. Бино иморатнинг бутун хизмат умри давомида қарийб 3200 тонна углеродни ўзига тортадиган 3600 кубометр махсус кўндаланг ёпиштирилган ёғочдан (CЛТ) фойдаланган ҳолда 2,5 ой ичида қуриб битказилган. Бундай ёғочдан ясалган панеллар осмонўпар биноларни қуриш учун ҳам етарли даражада пишиқдир. Норвегиядаги 85,4 метр баландликдаги “Мжостарнет“ биноси бунга ёрқин мисол бўла олади.
БМТнинг башорат қилишига кўра, 2050 йилга бориб аҳолининг 68 фоизи шаҳарларда истиқомат қилади, бу эса кейинги 80 йил ичида 2 млрд.га яқин янги уйларнинг қурилишини талаб этади. Дунё бўйича энергия билан боғлиқ CО2 чиқиндиларининг 40 фоизи қурилиш саноатига тўғри келади. Шунингдек, ёғочни нафақат чиройли кўринишга эга, балки инсоннинг атроф-муҳитга таъсирини камайтиришга ёрдам берадиган қурилиш материали сифатида тарғиб қилувчи глобал ҳаракат ҳам мавжуд. Айнан шунинг учун кўпгина меъморлар ёғочни қурилиш саноатининг “углерод таъсири” муаммосига ноёб ечим деб ҳисоблашади ва бутун бошли шаҳарларни ёғочдан қуришни таклиф этишади. Барча истиқболларни батафсил ўрганиш билан, яқин келажакда ёғоч бошқа қурилиш материалларини ўрнини босиши ва дунёда “ёғочли жунгли“ шаҳарлар пайдо бўлиши эҳтимолдан холис эмас.
Шунингдек, Ўзбекистон қишлоқ жойлардан бошлаб энергия тежайдиган уй-жойларни қуришни ривожлантириш бўйича чора-тадбирларни фаол амалга оширмоқда. Масалан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 ноябрдаги 5577-сон Фармонига биноан, 2020 йил 1 январдан бошлаб уй-жой қурилиши иншоотлари энергия-самарадор ва энергия-тежовчи қурилиш материаллари билан жиҳозланиши лозимлиги белгиланган.
Бундай ёрдам, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Қурилиш вазирлиги, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури ва Глобал экологик жамғарманинг (ГEЖ) қўшма лойиҳаси доирасида ҳам амалга оширилмоқда. 2019 йилда мамлакатнинг 12 та вилоятида банклар вакиллари учун “яшил ипотека”нинг афзалликлари бўйича махсус бизнес-тренинглар ўтказилди. Натижада Фарғона, Самарқанд, Бухоро, Сурхондарё ва Хоразм вилоятларида 800 та бир қаватли 3 хонали энергияни тежайдиган ва кам углеродли уйларни қуришда ёрдам кўрсатилди, 3200 киши “яшил ипотека“дан фойдаланиш имконига эга бўлди. 2020 йилда қўшма лойиҳа бўйича мамлакатнинг яна 5 вилоятида энергия тежайдиган ва кам углеродли қишлоқ уйларини қуришда давом этади.
Екатерина Устиненко