Давлат раҳбарининг ташаббуси билан “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Бухоро вилояти Қоракўл туманида ҳам ниҳол экиш ишлари олиб борилмоқда.
Жумладан, Дўстлик маҳалласидаги бир гектар майдонда “Ёшлар ва маҳалла боғи” яратиш мақсадида кўчат экиш тадбири ташкил этилди. Энг муҳими, мазкур кўчат ниҳоллари туманнинг ўзида етиштирилгани сабаб кўчатларни тупроққа мослашишида катта самара бермоқда.
– Кўчат экиб, боғ яратиш, атроф-муҳитни тоза ва озода сақлаш халқимизнинг асрлар синовидан ўтган миллий қадриятларидир, – дейди туман ҳокими Хуршид Тоҳиров. – Зеро аждодларимиз оилада янги туғилган фарзандга атаб ерга ниҳол қадаган. Ўша дарахт билан бирга фарзанд ҳам униб ўсган.
Дарахт экиш ишларида секторлар раҳбарлари, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар масъуллари, қишлоқ хўжалиги агрокомплексига дахлдор ташкилотлар, жамоатчилик вакиллари, меҳнат фахрийлари ҳозир бўлди.
– Бугунги тадбирда қатнашиб боғ яратиш борасидаги узоқ йиллик тажрибамизни ёшларга ўргатаётганимиздан хурсандмиз, – дейди меҳнат фахрийси Файзулла Бебитов. – Ҳали бу боғлар бир боғлар бўлсинки, меваси ва соясидан халқимиз, авлодларимиз баҳраманд бўлди.
Бу йил туманда 1 миллион 523 минг дона мевали ва манзарали кўчат ўтқазиш режалаштирилган. Шундан, ижтимоий соҳа объектларида 150 минг дона, иқтисодиёт тармоқларида 50 минг дона, корхона ва ташкилотларда 10 минг дона, маҳаллаларда 350 минг дона кўчат экиш ишлари олиб борилади.
Бундан ташқари, ўрмон фонди ерларига 250 минг дона, фермер хўжаликлари ерларига 550 минг дона, чиқинди полигонлари атрофида 8 минг дона кўчат экиш режа қилинган.
Зариф Комилов,
ЎзА мухбири