Бу юрт Алпомишу Барчинойлар юртидир
Олти ёшли қизим Сабинахон билан телевизор кўриб ўтирганимизда, гимнастикачиларнинг биринчиликни қўлга киритиб, мадҳиямизни куйлаётганини кўриб: “Мен ҳам спортчи бўламан. Ғалабага эришганимда мен ҳам анави опаларим сингари мадҳиямизни баралла куйлайман. Менга ҳам копток ва лента олиб беринг”, деб қолди. Очиғи аввал, эътибор қилмадим. Кейинчалик унинг спортчи қизларимизнинг бажараётган ўйинларини берилиб томоша қилиб, уларга тақлид қилаётганини кўрганимда спортга ҳавас уйғонаётганлигига амин бўлдим.
Фарзандлари соғлом юртнинг келажаги буюкдир. Дарҳақиқат, бугун дунёнинг энг ривожланган давлатлари спортчилари ҳам мусобақаларда бизнинг спортчиларимиз билан ҳисоблашмоқда. Ватанимиз ёшлари эришаётган натижалар эса ҳар биримизни бирдек қувонтиради. Ютуқ ва ғалабаларимиз замирида мамлакатимизда жисмоний тарбия ва спортга бўлган эътибор мужассам.
Ўзбекистон "Ёшлик" жисмоний тарбия ва спорт жамияти Навоий вилояти минтақавий бўлими томонидан ёшларни ҳар томонлама жисмоний чиниқтириш, уларнинг спорт соҳасида қобилиятини намоён қилишлари учун зарур шароитлар яратиш бўйича умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчи-ёшларини жисмоний тарбия ва спорт билан мунтазам шуғуллантириш, спортга бўлган қизиқишларни янада оширишга алоҳида эътибор қаратилган.
Жамият томонидан мунтазам “Болажонлар спорт жамоалари” ва “Ёшлик спорт жамоалари”, “Қувноқ стартлар”, “Умид ниҳоллари” ҳамда “Футболимиз келажаги сенинг қўлингда” оммавий спорт тадбирлари, шунингдек, спортнинг қатор турларидан мусобақалар ўтказиш орқали ўқувчиларни оммавий жисмоний тарбия ва спортга жалб этилиши таъминланмоқда.
“Қувноқ стартлар” мусобақаси. Бу мактаб ўқувчиларининг энг севимли мусобақаларидан бири. Чунки у чаққонлик ва эпчилликни, жамоавий бўлиб биргаликда баҳамжиҳатликда ҳаракат қилишни талаб этади. Шу жиҳатдан ўқувчи-ёшларда ушбу мусобақа жамоавий ҳаракатланиш, бир-бирини қўллаб-қувватлаш каби фазилатларни шакллантиришда муҳим рол ўйнайди.
[gallery-3066]
Жорий йилда "Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили"га бағишлаб умумий ўрта таълим мактаблари ўқувчилари ўртасида "Қувноқ стартлар" спорт мусобақасининг вилоят биринчилигида Нурота туман жамоаси I ўринни, Навоий шаҳар жамоаси II ўринни ва Навбаҳор тумани жамоаси III ўринни эгаллади.
Бугунги кунда умумтаълим мактаблари ўқувчилари нафақат вилоят, республика миқёсидаги, балки халқаро мусобақаларда ҳам муносиб иштирок этмоқда.
– Навоий вилояти Кармана туманидаги 5-умумий ўрта таълим мактабининг 2006-2007 йилларда туғилган ўсмирлари Россиянинг Тольятти шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро қўл тўпи мусобақасида III ўринни эгаллади, – дейди минтақавий бўлим раиси ўринбосари Нормамат Очилов. – Мусобақада Россия, Қозоғистон, Озарбайжон, Грузия, Туркманистон ва бошқа давлатлардан жами 42 та жамоа иштирок этди. Шунингдек, мазкур мактаб ўқувчиси Рухшона Рўзиева Ўзбекистон қизлар терма жамоаси таркибида иштирок этиб, III ўринни қўлга киритган бўлса, 2 ўқувчимиз – Акбар Ҳайитов ва Ҳусниддин Муродов ҳам 2008 йилда туғилган ўсмирлар ўртасида терма жамоа таркибида иштирок этиб, I ўринни эгаллади.
Ривожланган мамлакатлардаги тенгдошлари билан тиллашув ва беллашувга тайёр, тобора ҳал қилувчи куч даражасига кўтарилаётган ёшларимиз эртанги кунимиз, ишончимиз ва ифтихоримиздир. Улар билан кўзлаган мақсадларимизга, албатта, эришамиз. Ёш спортчиларимиз эса буни дилдан ҳис қилган ҳолда, билдирилган ишончни оқламоқда.
Юрт довруғини оламга танитаётганлар
Яна бир халқаро беллашув якунланиб, давлатимиз мадҳияси остида байроғимиз баланд кўтарилди. Бу ўзбек спортчисининг ғолиблик шоҳсупасидан жой эгаллаганидан далолат.
Ҳа, ёш спортчиларимиз эришаётган юксак натижалар Ўзбекистон деб аталмиш озод ва обод диёрда спортни ривожлантиришга давлат сиёсати даражасида алоҳида эътибор қаратилаётганлигининг самарасидир.
Спортчиларимиз эса бундай юксак эътибордан руҳланиб, Ватанимиз шаънини бутун дунёга ёймоқда ва албатта, ўсиб келаётган ёш авлод ҳеч кимдан ҳеч қачон кам бўлмагани ва кам бўлмаслигини яна бир бор исботламоқда.
Анастасия Авьясова ана шундай истеъдодли ёшлардан. У 14 ёшда. Навоий шаҳридаги 1-умумтаълим мактабида таълим олади. Анастасия 2016 йилда Москва шаҳрида, 2019 йилда эса Таиландда ўсмирлар ўртасида спортнинг “Taekwondo WTF” тури бўйича ўтказилган мусобақада фахрли биринчи ўринни эгаллади.
– Мен 2013 йилдан буён Навоий шаҳридаги 2-сонли Болалар ва ўсмирлар спорт мактабида спортнинг “Taekwondo WTF” тури билан шуғулланиб келаман, – дейди Анастасия. – Ўтган давр мобайнида мазкур спорт тури бўйича ўтказилган Ўзбекистон чемпионати, Ўзбекистон кубоги мусобақаларида фахрли ўринларни эгаллаганман. Барча мусобақаларда мадҳиямизни куйлаганман. Чет давлатларда ўтказилган мусобақаларда ғалаба қозониб, мадҳиямиз янграганда, уни ижро этганимда қалбимни шундай ҳаяжон чулғаб олади-ки, уни сўз билан таърифлаб бўлмайди. Спорт менга ана шундай такрорланмас онларни ҳадя этди. Бундай муваффақиятга эришишимда, албатта, юртимизда спортга берилаётган эътибор ва мавжуд шарт-шароит, қулайликлар менга куч бағишламоқда. Бошқа спорт мактабларида бўлгани каби бизнинг БЎСМда ҳам ёш спортчиларнинг юқори натижаларга эришиши учун барча шароитлар муҳайё. Келгусида энг нуфузли халқаро беллашувларда ҳам Ватанимиз байроғини баланд кўтармоқчиман.
– 60 нафар ўқувчи 3 гуруҳга бўлинган ҳолда машғулотларда иштирок этади, – дейди БЎСМда спортнинг “Taekwondo WTF” тури бўйича бош мураббийи Бобур Тошпўлатов. – Шогирдларимнинг орасида иқтидорли ёшлар кўпчиликни ташкил этади. Бу ерда 2010 йилдан буён фаолият олиб бораётган бўлсам, шогирдларимдан Отабек Қўзиев, Хумоюн Қўчқоров, Достон Абдуқодиров, Анастасия Авьясова, Мироншоҳ Каримов, Азизбек Эргашев, Азиз Зайниддинов, Мурод Зиёдуллаев, Севинч Шомуродова, Мирмуҳсин Шамсиддинов турли халқаро ва республика даражасидаги мусобақаларда ғолибликни қўлга киритган. Айни пайтда Севинч Омонова, Иззат Азаматов, Барно Тожиева ва Темур Рустамов “Taekwondo WTF”нинг пумсе йўналиши бўйича Осиё чемпионатига тайёргарлик кўрмоқда.
Дарҳақиқат, юртимизда ташкил этилаётган ҳар қандай даражадаги спорт мусобақаларида иштироки билан ҳар бир фарзандимиз спорт ва жисмоний-тарбияга ошно тутинаяпти. Соғлом ва жисмоний баркамол ёшларимиз сафи кенгаймоқда. Зеро, ушбу мусобақаларда илк бор ғалаба нашидасини сурган ўғил-қизларимиз бугун катта спортда ҳам юртимиз довруғини оламга танитаётир.
Абдували Бўриев,
Сирож Аслонов (сурат), ЎзА