Бу ватанда бир Ватан қурмоқни истайдир кўнгил
Ул Ватан елканларини маърифат уммонида Қиблаи имон сари бурмоқни истайдир кўнгил.
Эркин ВОҲИДОВ,
Ўзбекистон Қаҳрамони,
Ўзбекистон халқ шоири
Бу ватанда бир Ватан қурмоқни истайдир кўнгил,
Ўзни озод қуш каби кўрмоқни истайдир кўнгил.
Бу Ватан тимсоли бўлса тонг қуёши шуълавор,
Шуълалар қўйнида чарх – урмоқни истайдир кўнгил.
Ул Ватанга байроқ – инсоф, туғи сарҳад муҳри – меҳр,
Сарҳад узра соқчидек турмоқни истайдир кўнгил.
Ким бу тупроқ қадрин истар айламоқ тупроққа тенг,
Кўзига тупроқ билан урмоқни истайдир кўнгил.
Ул Ватан елканларини маърифат уммонида
Қиблаи имон сари бурмоқни истайдир кўнгил.
Бас, етар ёлғон саодат, ёлғон эрк, ёлғон ватан,
Ҳуррият завқини чин сурмоқни истайдир кўнгил.
Қутлуғ истиқлол кунида, эй Ватан, бағрингда шод
Эркин ўғлонинг бўлиб юрмоқни истайдир кўнгил.
Ҳалима ХУДОЙБЕРДИЕВА,
Ўзбекистон халқ шоири
ВАТАН БАЙРОҒИ
Юрт байроғин ҳар жойгамас,
Кўнглингга эк. Кўксингни ўй.
Ишлов бергин, юмшатиб тур
Илдиз отсин, кўрсатсин бўй.
То бу байроқ, Ватан, нурлар
Ич-ичингга кетсин кириб.
Токи ғаним — ватанхўрлар,
Ололмасинлар суғуриб.
Шундай ўргат қулни, хонни,
Учмас қуш ҳам учар бўлсин.
То байроқдан олдин жонни
Бермоқ осон кечар бўлсин.
ВАТАН ЖИМ ТУРАДИ
Ватан жим туради, аммо у ҳақда
Тоғдан тушиб келган тош сўз айтади.
Бир садолар келар жим-жим куртакдан,
Осмондан келган қуёш сўз айтади.
Ватан жим туради, байроғи ёниб
Бошидаги туғи айтади сўзни.
Мозийлардан келиб — чир-чир айланиб,
Момомнинг урчуғи айтади сўзни.
Ватан жим туради. Саболарининг
Найларга қўшилиб бўзлари кўпдир.
Саратон. Даштдаги боболаримнинг
Пастак чайлаларин сўзлари кўпдир.
Ватан жим туради…