Бу оддий ҳолат эмас, бу революцион ҳолат...
Ҳадемай 2022-2023 янги ўқув йили ҳам бошланади. Устозлар, шогирдлар хаёлида бир дунё режа, катта-катта мақсадларни кўзлаб туришгани шубҳасиз.
Сентябрь. Бундан атиги 6 йил аввал ҳамма-ҳамма – профессор-ўқитувчилар ҳам, талабалар, лицей, коллеж, ҳатто мактаб ўқитувчисию ўқувчилари ҳам энг ташвишли, машаққатли дамлар олдинда турганидан юраклари безиллаб туриши ҳам бор гап эди.
Собиқ иттифоқ давридан қолган анъана – 6-7 миллион аҳолимиз, айниқса, мактаб ўқувчилари ва олий ўқув юртлари талабалари ҳар йили пахта теримига «ихтиёрий-мажбурий» сафарбар қилинар эди. Ўзимиз ҳам талаба бўлганмиз. Сентябрь, октябрь, ноябрь, кези келса декабрь ойида ҳам охири йўқ далаларда пахта терганимиз кечагидек эсимда. Пахта чаноқлари тирнаб тирноқларимиз кўчгани, қуруқ нон билан ёвғон ичган кунлармиз кўз олдимизда ҳамон гавдаланди.
Ўтмиш ўз йўлида, бундан олти йил олдин ҳам шўролар замонидан қолган деразалари ромсиз-ойнасиз, хоналари жиҳозсиз, эшик ва поли йўқ дала шийпонларига мактаб ўқувчилари, талабалар тўп-тўп қилиб олиб борилар, қиз-ўғил мажбурий жойлаштирилар эди.
Зах тортган хоналарда намиқиб, устига-устак уззукун эгилиб пахта теришдек оғир меҳнатдан силлалар қуриб кетарди. Энг ачинарлиси, кимдир касал бўлиб қолса, дурустроқ тиббий ёрдам ҳам кўрсатилмасди. Калорияли озиқ-овқат, иссиқ жой, хуллас, шароит етишмасди. Соғлиги йўқ фарзандидан ота-онаси хабар топса, ҳар иш куни учун маълум суммани тўлаб ўрнига бошқа бир кишини ёллаши мумкин эди, холос. Гўё инсон қадри йўқдек эди.
Бюджет ташкилотлари ходимлари, айниқса, мактаб ўқитувчилар учун жуда қийин даврлар эди. Кунлари асосан пахта далаларида кечарди. Шу боис, бора-бора таълим сифати пасайиб, ёшларимиз фанларни чуқурроқ ўзлаштиришдан мосуво бўлди. Етарли таълим-тарбия олмаган, вақтида дарсларни ўзлаштирмаган ўқувчидан эртага ким чиқади, деган савол ҳеч кимни қизиқтирмасди.
Бу кампаниядан хусусий тадбиркорлар ҳам четда қолмай, штатидаги ходимларидан 15 фоизини теримга юборишга мажбур бўлганига нима дейсиз. Олий таълим соҳасида эса, ўқувчи-талабалар пахтага чиқмаса, уларнинг чораклик натижалари берилмаганини ҳам эшитганмиз. Айтиш ўринлики, шундай пайтда фарзанди пахтага чиқмагани учун ота-оналар чақиртирилиб, маҳаллада муҳокама қилинган кунлар ҳам бўлди.
Бир сўз билан айтганда, пахта йиғим-терим кампанияси томонидан республикамиз бўйлаб оммавий сафарбарлик эълон қилиниб, аҳоли турмуш тарзи учун зарур бўлган маиший хизмат объектлари, бозорлар ёпилиб эшик ва дарвозалари пештоқига «Пахта йиғим-терими учун ёпиқ» деган ёзувлар осиб қўйиларди, маршрут йўналишлари назоратга олиниб, қандайдир давлатга яқин ёки ойлик олиб ишлайдиган одам бўлса бас, мажбуран пахтага олиб кетиларди.
Бундай тадбирларни кузатганлар: Ўзбекистон дунёдаги энг йирик пахта экспортёри, «оқ олтин» савдосидан йилига қарийб 1 миллиард доллар даромадга эга давлат, бу манфаати йўлида ўқитувчилар, ўқувчилар мажбурий меҳнатга жалб этилмоқда, деб жар солишарди. Бу ахборотлар эса, Ватанимиз иқтисодий имижига янада салбий таъсир қиларди. Чунки, Ўзбекистон йилига 3-3,5 миллион тонна атрофида пахта хомашёси етиштиради. Ўша даврда мажбурий меҳнатдан фойдаланиш натижасида жаҳоннинг 60 га яқин йирик ширкатлари ўзбек пахтасидан тайёрланган маҳсулотларга бойкот эълон қилганди. Иқтисодиётга инвестиция жалб қилиш ва ишлаб чиқариш учун сармоя киритишга чекловлар ўрнатилганди. Шу боис, мустақилликнинг ўтган 25 йилида мамлакатимизга чет эл инвестициялари айтарлик кириб келмади.
Шукрки, мамлакатда сўнгги беш йил давомида амалга оширилган демократик ўзгаришлар, очиқлик сиёсати, инсон қадрини улуғлашга қаратилган ислоҳотлар ўз самарасини бериб, пахта йиғим-теримига ўқувчи ва талабаларни мажбурий жалб этиш «одатига» узил-кесил чек қўйилди.
Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга барҳам беришга 2016 йил президент вазифасини бажарувчи Шавкат Мирзиёев тамал тошини қўйди ва «Пахта теримига инсонларни мажбурлаб олиб чиқишни давлат сиёсатига хиёнат» деб баҳолади.
Ҳақиқатан, Янги Ўзбекистонда кенг миқёсдаги пахта йиғим-терими даврида мажбурий меҳнатдан фойдаланишни йўқ қилиш бўйича чора-тадбирлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, бутун мамлакат бўйича аҳолининг меҳнат қонунчилиги бузилиши ҳолатлари ҳақида хабар қилишига имкон берувчи «Саll-марказ»лари ташкил этилди. Буни халқаро экспертлар ижобий эътироф этиб келмоқда.
Масалан, ишончли маълумотларга қараганда, Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Давлат меҳнат инспекциясига «Сall марказ» орқали 2021 йилги пахта мавсумида мажбурий меҳнат ҳамда меҳнат ҳуқуқлари бузилишига оид жами 128 та мурожаат, веб-сайт орқали 15 та, ижтимоий тармоқлар орқали 24 та ҳамда 35 та ёзма мурожаатлар келиб тушган. Ўтказилган мониторинглар натижасида Давлат меҳнат инспекцияси томонидан меҳнат қонунчилигини бузганлиги учун 65 нафар мансабдор шахс жами 198 миллион 450 минг сўм миқ дорда маъмурий жарима тўлаган. Шу даврда мажбурий меҳнатга йўл қўйганлиги учун 5 нафар мансабдор шахс жавобгарликка тортилиб, 1 та ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар судларга оширилган.
Шу боис республикамизда ҳар йили пахта йиғим-терим мавсуми пайтида мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатини аниқлаш бўйича Миллий мониторинг иш олиб бормоқда.
Шаффофлик ва очиқлик сиёсати ўлароқ, жаҳон ҳамжамияти Ўзбекистонда мажбурий меҳнат, айниқса, болалар меҳнатини эксплуатация қилишга йўл қўйилмаётгани, ўқувчи-ўқитувчилар ва бошқа давлат хизматчилари ҳуқуқи қонун билан кафолатланганини эътироф этишмоқда. Шу боис ўтган беш йилликда жаҳоннинг энг ривожланган банклари, хусусан, Ислом тараққиёт банки, Осиё тараққиёт банки, Жаҳон банки ва бошқа йирик инвесторлар томонидан юртимизга катта сармоялар киритилиб инвестицион, интеграцион ва экспорт муҳити яратилди.
Ўз навбатида ҳар йили пахта мавсумида мажбурий меҳнатга қарши курашиш ва муносиб меҳнат шароитларини яратиш бўйича нафақат Давлат меҳнат инспекцияси, балки Касаба уюшмалари федерацияси ҳамкорлигида жамоатчилик Миллий мониторинги, сенаторлар, депутатлар, журналист ва блогерлардан тузилган ишчи гуруҳлар ва Халқаро меҳнат ташкилотининг учинчи томон мониторинги фаолият юритиб келмоқда.
Давлатимиз томонидан Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси ташкил этилган бўлиб, уюшма пахта йиғим-терими мавсумини уюшқоқлик билан ўтказиш, етиштирилган ҳосилни нес-нобуд қилмасдан ўз вақтида, сифатли йиғиб-териб олиш бўйича вазифаларни ўз зиммасига олиб келмоқда. Уюшма тизимида 122 дан ортиқ пахта-тўқимачилик кластерлари мавжуд, улар пахта мавсумида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг олдини олмоқда. Шу мақсадда, мавсум олдидан ижро ҳокимияти ҳамкорлигида пахта теримида қатнашадиган кўнгилли теримчилар, терим отрядлари ва отряд раҳбарлари рўйхати шакллантирилиб, электрон базага киритилади. Шартномалар тузилиб, уларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинади, моддий рағбатлантирилади. Жумладан, теримчи ва ҳашарчиларга етарли шарт-шароит яратиш, меҳнатга ҳақ тўлаш масалаларини ҳал этиш ва аҳолини рози қилишга эришилмоқда. Натижада қўл теримига бўлган эҳтиёж қопланмоқда.
Мухтасар айтганда, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жорий йил 10 август куни «Бутунжаҳон 44-шахмат олимпиадаси» ғолиблари билан бўлиб ўтган учрашувдаги журналистлар билан очиқ мулоқот чоғида пахта йиғим-теримида мажбурий меҳнатга барҳам берилгани ҳақида алоҳида тўхталиб: «Бу худдики, оддий ҳолат... Бу оддий ҳолат эмас. Бу - революцион ҳолат», деган таърифларида реал ҳақиқат, улкан мақсадлар самараси ўз ифодасини топади.
Давлатимиз раҳбари томонидан жадал суръатларда олиб борилаётган бундай кенг кўламли демократик, иқтисодий-сиёсий, ижтимоий, инсонпарвар ислоҳотлар мамлакат тараққиётида муҳим аҳамиятга эга. Зеро, «Инсон қадри учун» тамойили асосида жадал ривож топаётган Янги Ўзбекистон равнақи йўлида яратилаётган ҳуқуқий, илмий асослар узоқ истиқболли бўлиб, ҳаётимиз янада фаровон бўлишида мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтайди.
Қўнғиротбой Шарипов,
Тошкент давлат иқтисодиёт университети ректори