БТА: Болгария Хитой сармоядорларини жалб этмоқда
Болгария Бош вазири ўринбосари, Иқтисодиёт, сармоя ва саноат вазири Александр Пулев Сяминь шаҳрида Фуцзянь музофоти раҳбарияти билан музокара ўтказиб, хитойлик тадбиркорларни ўз мамлакатига сармоя киритишга чақирди. Болгария бизнес делегацияси раҳбари саноат, қишлоқ хўжалиги, электроника ва яшил технология соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболини юқори баҳолаган.
Айниқса, автомобиль саноати иқтисодий алоқани ривожлантиришда муҳим йўналиш сифатида эътироф этилди. Ташриф давомида Пулев йирик автобус ва электромобиль ишлаб чиқарувчи “King Long” корхонасида бўлиб, 4-даражали ўзи бошқариладиган тизимга эга электробуслар билан танишди. У компания раҳбариятини Болгариядаги саноат ҳудудларини бориб кўриш ҳамда юқори технология ва смарт-транспорт соҳасида қўшма лойиҳалар амалга оширишга таклиф этди.
Ялпи ҳудудий маҳсулоти 900 миллиард доллардан ошадиган Фуцзянь Хитойнинг энг жадал ривожланаётган, асосан экспортга йўналтирилган саноат марказларидан биридир.
Дарвоқе, Александр Пулев тез орада Пекинда ўтказиладиган Болгария билан Иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро қўшма комиссия 19-йиғилишида ҳамраислик қилади.
Ф.Яхшибоева, ЎзА