Брюссел Марказий Осиёга эътибор қаратмоқда: Ҳамкорликнинг янги истиқболлари
Брюсселда Марказий Осиё ва Мўғулистон дипломатларининг Белгия ҳукумати билан учрашуви бўлиб ўтди. Унда иқтисодий алоқаларни диверсификация қилиш, “Ўрта йўлак”ни ривожлантириш ва стратегик шерикликни янги босқичга кўтариш истиқболи муҳокама қилинди.
Брюсселда аккредитациядан ўтган Марказий Осиё мамлакатлари ва Мўғулистон дипломатик ваколатхоналари раҳбарларининг Белгия Бош вазири ўринбосари ва Ташқи ишлар, Европа ишлари ва ривожланиш ҳамкорлиги вазири Максим Превост билан учрашуви бўлиб ўтди.
Учрашувда икки томонлама ва минтақавий муносабатни чуқурлаштириш, транспорт ва логистика йўналишини ривожлантириш ва энергия хавфсизлигини мустаҳкамлаш истиқболлари асосий мавзулар бўлди.
Белгиялик вазир Брюсселнинг иқтисодий алоқаларни диверсификация қилишга ва анъанавий товар секторидан ташқарига чиқишга тайёрлигини тасдиқлади. Унинг сўзларига кўра, Европа томони технология трансфери, рақамлаштириш ва сунъий интеллект соҳасидаги қўшма лойиҳаларга жуда қизиқиш билдирмоқда.

Минтақавий учрашув ва икки томонлама музокарада “Ўрта йўлак” номи билан танилган Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Қайд этилишича, Белгия йўлакнинг ривожланишини тўлиқ қўллаб-қувватлайди ҳамда барқарор, тезкор ва мустақил таъминот занжирларини яратиш учун Европа логистика имкониятини у билан бирлаштиришдан манфаатдор.
Муҳокамалар Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё ўртасидаги стратегик шерикликни мустаҳкамлаш, Транскаспий транспорт йўлаги орқали транспорт алоқаларини ривожлантириш, энергетика, иқлим ва муҳим хом ашё масалаларига қаратилди.
– Ҳамкорларимиз билан биргаликда биз янада хавфсиз, барқарор ва яхшироқ боғланган келажак учун аниқ ҳамкорликни илгари сурмоқдамиз, – деб хулоса қилди вазир.
Хулоса қилиб айтганда, томонлар мураккаб геосиёсий қийинчилик шароитида Марказий Осиё давлатлари ва Белгия халқаро ҳуқуқ ва БМТ Низомига қатъий содиқликни намойиш этаётганини таъкидладилар.
Г.Сатторова, ЎзА