Британияда қолиш осон эмас: мигрантлар учун янги синов
Буюк Британия ҳукумати мамлакатда доимий яшаш ҳуқуқини олиш шартини кучайтирмоқда. Янги тартибга кўра, аксар хорижлик ишчилар бундай имтиёзни қўлга киритиш учун энди 5 йил эмас, 10 йил кутади. Юқори даромадли мутахассислар 3 йил, шифокор, ҳамшира, ўқитувчи каби айрим муҳим давлат хизмати ходимлари эса 5 йилдан сўнг ариза топшириши мумкин. Ижтимоий парвариш соҳасида ишловчилар учун амалдаги 5 йиллик талаб сақлаб қолинади.
Миграция талабини бузганлар эса доимий яшаш ҳуқуқини олиш учун 20 йил кутишга мажбур. Мамлакатга кичик қайиқда ёки яширин йўл билан кирганлар учун қўшимча ўн йиллик муддат белгиланади. Қонуний келган қочқинлар 5 йилдан кейин ариза бериш ҳуқуқига эга. Айни ўзгариш келаси йилдан кучга кириши кутиляпти. Амалда доимий яшаш мақомига эга шахсларга янги тартиб таъсир қилмайди.
Ички ишлар вазири Шабона Маҳмуд доимий яшаш ҳуқуқи фақат мамлакатда ўтказилган вақт эмас, балки шахснинг меҳнати, жамиятга қўшган ҳиссаси ва қонунга риоя қилиш даражасига ҳам боғлиқлигини таъкидлади. Ҳукумат қарорни миграция тизимини тартибга солиш чораси сифатида изоҳламоқда. Бош вазир Энди Бёрнэм эса Брекситдан кейин мамлакат иммиграция назоратини йўқотганини қайд этиб, мазкур ташаббусни қўллаб-қувватлади.
Мусулмон Зиё, ЎзА