Британия журналида Ўзбекистон ҳақида мақола чоп этилди
Британиянинг "Food and Travel" журнали октябрь сонида Ўзбекистонга оид “Ипак йўли иштиёқи” сарлавҳали 12 бетли мақола нашр этилди.
Материалда мамлакатимизнинг тарихий ва маданий мероси, миллий ошхонаси, диққатга сазовор масканлари ва сайёҳлик имкониятлари ҳақида маълумот берилади.
Мақоланинг асосий қисми Самарқанд ва Тошкент шаҳарларига бағишланади. Муаллифлар Регистон майдони, Шоҳи-Зинда мақбараси ва бошқа тарихий масканлар ҳақида ҳикоя қилади.
Мамлакатимизнинг гастрономик инфратузилмаси, жумладан, ресторанлар, бозорлар ва новвойхоналарга алоҳида эътибор қаратилган. Шунингдек, юртимизнинг турли вилоятларидан йиғилган 125 га яқин узум нави етиштирилаётган “Uzum Fermer” оилавий узум фермаси ҳақида маълумотлар келтирилади.
Мақолада шунингдек, гастрономик туризмнинг ривожланиши ва анъанавий таом тайёрлаш усулларининг замонавий кулинария ёндашувлари билан уйғунлаштирилиши алоҳида қайд этилади. Юртимиз бўйлаб саёҳат йўналишлари, сайёҳларни жойлаштириш, гастрономик йўллар ва Лондондан Тошкентгача бўлган тўғридан-тўғри парвозлар хусусида ахборот тақдим этилади.
Азиза Алимова, ЎзА