Британия Ички ишлар вазири истеъфо берди
Буюк Британия Ички ишлар вазири Суэлла Браверман чоршанба куни шахсий электрон почтасидан хизмат вазифасини бажаришда фойдалангани учун истеъфо берди.
“Бугун эрталаб ҳукуматнинг миграция сиёсатини қўллаб-қувватлаш мақсадида чиқариладиган сиёсий қарорлар бўйича мен билан ҳамкорликда иш олиб бораётган парламентдаги ишончли ҳамкасбимга шахсий электрон почтамдан расмий ҳужжат юбордим. Бу мавжуд тартиб-қоиданинг техник бузилишидир”, деб ёзди у Британия Бош вазири Лиз Трасс номига битилган мактубида.
Унинг қўшимча қилишича, жўнатилган ҳужжатдаги маълумотларнинг аксарияти Британия парламенти Жамоатчилик палатаси аъзолари эътиборига аллақачон етказилган бўлса-да, бу вазиятда “менинг ишдан кетишим тўғри бўлади”.
Шу билан бирга, Браверман Британия оммавий ахборот воситаларида келтирилган истеъфо сабаблари орасида Трасс ҳукуматининг иқтисодий йўналиши билан келишмовчилик экани ҳақидаги тахмин тўғрилигига ишора қилди.
“Мен ҳукумат танлаган йўналишдан хавотирдаман”, деб ёзди собиқ вазир.
Ўз навбатида, Трасс Браверманнинг қарорини ҳурматлаши, истеъфосини қабул қилишини айтди.
ЎзА