БРИКС саммитининг якуний декларацияси қабул қилинди
БРИКСга аъзо мамлакатлар етакчилари (Бразилия, Россия, Ҳиндистон, Хитой, ЖАР) саммит якунлари бўйича Нью-Дели декларациясини қабул қилди.
Саммит видеоалоқа шаклида бўлиб ўтди.
Иштирокчилар Афғонистонда барча томонни зўровонликдан тийилишга чақирди, террорчиликка ва гиёҳванд моддалар савдосига қарши кураш муҳим эканини таъкидлашди, мамлакатда гуманитар вазиятни изга тушириш ва инсон, жумладан аёллар, болалар ва озчиллик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш зарур эканини қайд этишди.
Бундан ташқари, саммит иштирокчилари COVID-19 га қарши эмлаш бўйича қабул қилинган миллий ҳужжатларни ўзаро тан олиш учун халқаро саъй-ҳаракатлар муҳим эканини ҳам эътироф этишди.
БРИКС аъзоларининг фикрича, коронавирус пандемиясига қарши курашда унинг келиб чиқишини ўрганиш билан боғлиқ масала бўйича ўзаро ҳамкорлик зарур.
Давлат раҳбарлари террорчилик, кибержиноятчилик ва ёлғон маълумотлар тарқатиш таҳдидларига қарши биргаликда курашиш бўйича ҳам якдил фикр билдирган.
"Биз давлатларнинг ички ишларига аралашмаслик тамойилига амал қиламиз ва барча можаролар сиёсий ва дипломатик саъй-ҳаракатлар йўли билан, халқаро ҳуқуқларга, хусусан БМТ низомига мувофиқ ҳал этилишини маъқуллаймиз", — дейилади ҳужжатда.
Давлатлараро бирлашма ҳисобланган БРИКСнинг норасмий ўн учинчи саммити Ҳиндистон раислигида бўлиб ўтди. Ушбу ташкилотга бундан 15 йил аввал асос солинган эди.