“БРИКС” ўйинларидаги медалларимиз сони 62 тага етди
Бугун, 22 июнь “БРИКС” ўйинларининг ўн биринчи мусобақалар куни ҳисобланади. Унда спортчилар дзюдо, белбоғли кураш, қиличбозлик, бокс, байдарка ва каноэда эшкак эшиш, бадиий гимнастика каби спорт турларидаги 80 та медаллар жамланмаси учун муросасиз беллашувларга киришади.
Кеча “БРИКС” ўйинларида мамлакатимиз спортчилари гарчи биронта ҳам олтин медални қўлга киритмаган бўлса-да, боксчиларимизнинг 12 нафари финал йўлланмасига эга чиққани қувончли ҳолат бўлди, дейиш мумкин.
Шунингдек, ўзбекистонлик белбоғли курашчиларимиз олтита бронза ва иккита кумуш медални қўлга киритганини ҳам алоҳида эътироф этмоқ лозим. Курашчи ёшларимиздан Дониёр Абдураҳмонов ва Азизжон Аъзамжонов кумуш, Нодир Абдумаликов, Нусрат Султонбоев, Илҳом Машрабов, Хислат Пирматов, Зайлобиддин Ортиқов, Илёс Мирзамаҳматов бронза медалига эга чиқди.

Ўйинлар дастуридан шахматнинг ўрин олиши “ақл жанги” ишқибозларига бир олам завқ тортиқ этди. Шахматнинг блиц мусобақалари жамоавий йўналишида Россия терма жамоаси 40,5 очко билан 1-ўринни эгаллади. Иккинчи ва учинчи ўринлар 35,5 очколи Хитой ва 32,5 очкога эга Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларига насиб этди.

Шунингдек, дзюдочиларимиз кеча ўтказилган мусобақалар давомида 1 та кумуш ва 1 та бронза медалини қўлга киритди.
Умумжамоа ҳисобида Россия терма жамоаси 418 та совринли ўрин ҳолатида пешқадамлик қилаётган бўлса, кейинги поғоналарда Беларусь, Хитой жамоалари бормоқда. Ўзбекистон спортчилари "БРИКС" ўйинларида 4 та олтин, 20 та кумуш ва 38 та бронза медали билан кучли бешликда.
Т.Рўзиев,
ЎзА