Брайл алифбосидаги янги нашрлар тақдимоти
Ўзбекистонда ногиронлиги бўлган шахслар, ёшлар, аёллар ва кексаларни ижтимоий ҳимоя қилиш инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги давлат сиёсатининг устувор йўналиши ҳисобланади.
Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий марказда 19 февраль куни брайл алифбосида чоп этилган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун, шунингдек, БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси ўқув-услубий қўлланмаси тақдимоти ўтказилди. Тадбир ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси билан ҳамкорликда ташкил этилди.
Тақдимотда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори Акмал Саидов, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси элчи Жон МакГрегор иштирокчиларни брайл алифбосидаги янги китоблар билан таништирди.

Тадбирда zoom платформаси орқали иштирок этган ЕХҲТ Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюросининг демократлаштириш департаменти бошлиғи вазифасини бажарувчи Меган Фицджеральд хоним Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари ҳимояси соҳасида амалга оширилаётган ишларга юксак баҳо берди. Хусусан, ногиронлиги бор инсонларнинг ўз имкониятларини юзага чиқариши, уларнинг мамлакат тараққиёти йўлида барча билан тенг меҳнат қилиши, иқтидор ва салоҳиятини намоён этиши учун зарур шарт-шароитлар мавжуд эканини таъкидлади.
Мамлакатимизда имконияти чекланган шахсларга Асосий Қонунимизда назарда тутилган шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, маданий ҳуқуқ ва эркинликларни амалга оширишда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган норма ва принциплари, шунингдек, Ўзбекистоннинг халқаро шартномаларига мувофиқ бошқа билан тенг имкониятлар яратилмоқда.
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва 2020 йил 15 октябрда қабул қилинган “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун мамлакатимизда илк бор брайл алифбосида нашр этилди. Ушбу китоблар мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлашга хизмат қилади. Зеро, бундай шахслар ҳуқуқларини жамият ҳаётининг сиёсий-ҳуқуқий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий соҳаларида ҳимоя қилиш асосида қандай вазият бўлиши, жумладан, ногиронлиги борлигидан қатъи назар, инсонни камситмаслик принципи ётади.

“Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги қонун шундай шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишда замонавий усул ва халқаро стандартларни жорий этиш, БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қоидаларини амалга ошириш, шунингдек, Барқарор ривожланиш мақсадларининг “Ҳеч кимни ортда қолдирманг” тамойилини амалга оширишга ёрдам беради.
БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси томонидан нашр этилган БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси қўлланмасида ушбу ҳужжатнинг асосий қоидалари, уни ратификация қилиш ва амалга ошириш жараёнлари тўғрисидаги маълумотлар жамланган. Ўқув қўлланма Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегияси доирасида ўзбек тилида чоп этилди.
Тақдимотда парламент аъзолари, ногиронлиги бўлган шахслар муаммолари билан шуғулланадиган давлат, нодавлат ва халқаро ташкилотлар, хорижий давлатлар элчихоналари вакиллари иштирок этди.
Саидмурод РАҲИМОВ, ЎзА