Брайан Фицпатрик: Ўзбекистонга боришни интиқлик билан кутяпман
Яқинда Филадельфия шаҳрида АҚШ Конгресси Ташқи ишлар қўмитаси ҳамда Вакиллар палатаси Разведка қўмитаси аъзоси Брайан Фицпатрик билан ўзбек диаспораси вакиллари иштирокида учрашув бўлиб ўтди.
Очиқ ва самимий мулоқот чоғида Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги алоқаларни янада ривожлантириш ва дўстлик алоқаларини мустаҳкамлаш юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, тадбир давомида юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги фаоллиги ҳамда икки давлат муносабатининг истиқболи ҳақида сўз юритилди.
ЎзА мухбири учрашув доирасида Конгресс аъзоси Брайан Фицпатрик билан қисқа суҳбат уюштирди.
– Жаноб Фицпатрик, бугунги йиғиндан кўзланган асосий мақсад нима?
– Асосий мақсадимиз – Қўшма Штатлардаги ўзбек диаспораси вакиллари билан яқин алоқа ўрнатиш. Айни пайт биз Бакс округидамиз ва бу ерда ўзбеклар кўпчиликни ташкил этади.
Касб нуқтаи назаридан вазифамиз – турли этник жамоаларни бирлаштириш ва дунёнинг турли минтақаларидан келган инсонлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш.
– Сафи жадал кенгайиб бораётган ўзбекистонликларнинг жамиятдаги ўрни хусусида қандай фикрдасиз?
– Таъкидлаш жоиз, АҚШда ўзбек жамоасининг ўрни тобора мустаҳкамланяпти. Ватандошларингиз Америка жамиятининг жуда муҳим қисмидир. Турли тадбирларда қатнашиб, сизлардек инсонлар билан учрашишни яхши кўришимнинг сабаби ҳам шу. Шу тариқа маданиятингизни ўрганаман, таомларингизни татиб кўраман, халқингизни яқиндан танийман. Мақсадимиз – АҚШ ва Ўзбекистон муносабатларини янада мустаҳкамлашга ҳисса қўшиш.
Биласизми, биз бир сайёрада яшаймиз. Ҳар бир халқнинг ўзига хос жиҳати, фазилатлари бор. Айни имкониятни ҳамкорликка йўналтириб, халқаро тартиб, дунё тинчлиги, кучли иқтисодиёт ва мустаҳкам савдо муносабатларини таъминлаш мумкин.
– Айтинг-чи, Ўзбекистон билан илк танишувингиз қандай кечган ва ўлкамиз ҳақида қандай тасаввурга эгасиз?
– Дарҳақиқат, мен ҳали юртингизда бўлмаганман ва Ўзбекистонга боришни интиқлик билан кутяпман.
Ўзбекистонликлар билан дастлабки алоқаларим ҳуқуқни муҳофаза қилиш соҳасида бўлган. Конгрессга келишимдан олдин мен АҚШ Федерал қидирув бюросида фаолият юритганман.
Венгриянинг Будапешт шаҳридаги Халқаро ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси (ILEA)да инструктор сифатида дарс берганман. Ўша минтақадаги мамлакатлар, жумладан Ўзбекистондан ҳам ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари мазкур академияга таълим олиш учун келишарди.
Ўзбеклар билан илк танишувим шундай кечган. Улар билан мулоқот қилиб, мамлакатингиз ҳақида маълумот олганман. Ҳозир эса юртингизни кўпроқ биламан.
– Қисқа, лекин мазмунли суҳбат учун ташаккур.
– Раҳмат!
Баҳодир Шаропов, ЎзА
Филадельфия, АҚШ