Бозорда тухум ва товуқ гўшти нархи кескин ошиб кетмаслиги ортида кўп омиллар туради
Қарор ва ижро
Жаҳон тажрибасига назар ташлаймиз. Паррандачилиги ривожланган бир қатор мамлакатларда муваффақиятнинг асосий сири генетик мустақиллик саналади. Уларда юқори озуқа самарадорлиги ва чуқур кооперация занжирига таянилган. Дунёга машҳур генетика гигантлари йиллар давомида илмий селекция орқали кам озуқа сарфлаб, қисқа муддатда юқори гўшт ва тухум берадиган наслдор парранда линияларини яратган.
Кўп давлатларда эса айнан шундай мустаҳкам тизимнинг йўқлиги масаланинг энг нозик нуқтаси саналади. Бунда тадбиркорлар инкубацион тухум ва наслдор паррандаларни тўлиқ хориждан олиб келишга мажбур бўлади. Бу эса валюта тебранишлари, чегара ва логистика чекловлари пайтида нархларнинг асоссиз ўсишига олиб келарди. Кейинги йилларда мамлакатимизда амалга оширилган тизимли ислоҳотлар туфайли шу каби муаммоларга мустаҳкам ечим топилмоқда.
Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, ички бозорни сифатли ва арзон маҳсулотлар билан тўлдириш борасида бу тармоқнинг ўрни жуда катта.
Парранда гўшти ва тухум инсон организми учун энг зарур бўлган енгил ҳазм бўлувчи оқсил, витамин ва микроэлементлар манбаи ҳисобланади. Бу тармоқ ривожланса, натижа аҳоли дастурхонининг тўкинлигида, ички бозорда нархларнинг барқарорлашувида ҳамда ҳудудларда минглаб янги иш ўринлари яратилишида яққол кўзга ташланади.

Президентимизнинг 2024 йил 27 июндаги “Паррандачилик соҳасини янада қўллаб-қувватлаш, замонавий генетик технологиялар ва кооперация тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори айнан ушбу стратегик тармоқни сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишда муҳим аҳамиятга эга бўлди. Ушбу ҳужжат соҳадаги маҳаллий ишлаб чиқарувчиларга кенг йўл очган ва нархлар барқарорлигини таъминлашга қаратилган яхлит ҳаракатлар дастуридир.
Иқтисодиёт ва тадбиркорлик муҳити учун ушбу қарорнинг энг асосий аҳамияти шундаки, у паррандачиликда генетик мустақиллик ва мустаҳкам кооперация заминини яратиб берди. Ҳужжат қабул қилиниши билан республикамизнинг қатор туманларида репродуктор наслчилик корхоналари, шунингдек, миллий наслчилик базасини шакллантиришга киришилди. Бу билан финал-гибрид жўжаларни етиштириш ва юз минглаб тонна омухта ем ҳамда парранда гўштини чуқур қайта ишлаш қувватларини барпо этишга кенг имконият очилди.
Тадбиркор учун бу қарор молиявий ресурс, солиқ имтиёзлари ва энг муҳими, кафолатланган бизнес модели бўлди. Бу янги иш бошлаётган ва фаолиятини кенгайтирмоқчи бўлган тадбиркорга тайёр инфратузилмага эга бўлиш, кредит ва суғурта полислари воситасида рискларни камайтириш ҳамда бозорда ўз ўрнини топиш имконини бермоқда.
Соҳада амалга оширилаётган ушбу эзгу ислоҳотларнинг ҳаётий ва ёрқин ифодасини Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида фаолият юритаётган “Уйчи парранда” корхонаси мисолида яққол кўриш мумкин.

Наслли тухум етиштириш, инкубация қилиш ва гўшт ишлаб чиқаришни кўзда тутувчи ушбу йирик инвестиция лойиҳаси ҳудудда озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш ва аграр тармоқни саноатлаштириш борасидаги истиқболли драйверлардан биридир. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев июнь ойида Наманган вилоятига ташрифи чоғида айнан ушбу тадбиркорлик субъекти фаолияти билан атрофлича танишиб, унинг тажрибасини юқори баҳолади.
– Президентимизнинг ўзи келиб, фаолиятимиз билан танишгани бу тармоққа қай даражада юқори эътибор бўлаётганини англатади, – дейди корхона раҳбари Одил Раҳматов. – Ушбу замонавий мажмуада Венгриянинг жаҳонга машҳур “Aviagen” компаниясидан келтирилган 60 минг бош наслли товуқ интенсив усулда парваришланмоқда. Корхонамизнинг оддий хўжаликлардан бош устуворлиги инкубация жараёнидан бошлаб тайёр гўшт маҳсулотлари етиштиришгача бўлган тўлиқ саноат циклини қамраб олганидадир. Бу ерда жорий этилган замонавий генетик технологиялар наслчилик йўналишида кунига 60 минг дона юқори сифатли тухум олиш ва инкубаторлар орқали 50 минг бош жўжа очириш имконини бермоқда. Наслдор тухумнинг донаси бозорда ўртача 5500 сўмдан баҳоланиши ҳисобига фақат ушбу тармоқдан оладиган кунлик тушумимизни ҳисоблаш қийин эмас.
Лойиҳанинг гўшт етиштириш тармоғи ҳам юқори иқтисодий самарадорликка эга. Ҳар бири 100 минг бош паррандага мўлжалланган комплексларда бройлерлар 45–50 кун ичида парваришланиб, бир циклда 120 тонна парранда гўшти олинади. Маҳсулотнинг бир килограмми ўртача 20 минг сўмдан баҳоланиб, биргина циклнинг ўзида 2,4 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланади. Бундай жараённи йил давомида 4 марта узлуксиз ташкил этиш имконияти мавжуд.

Ушбу муваффақиятли тажриба асосида келгусида вилоятнинг Мингбулоқ, Наманган, Норин, Поп, Уйчи, Чуст ва Чортоқ туманларида янги паррандачилик комплекслари барпо этилиши белгиланган. Натижада вилоятдаги жами паррандалар сони 12 миллион бошга етиб, лойиҳа доирасида қўшимча 500 нафар, кенгайтирилган кооперация тизими орқали эса жами мингта янги иш ўрни яратилади.
Аҳамиятлиси шундаки, “Уйчи парранда” корхонаси томонидан йўлга қўйилган яхлит саноат занжири нафақат Наманган, балки бутун Фарғона водийси бозорларида парранда гўшти ва тухум нархи барқарорлигини таъминлашга хизмат қилади. Лойиҳа тўлиқ қувватга чиққач, хорижга экспорт ҳажми ҳам кескин ортади.
Хулоса қилиб айтганда, ушбу жараёнда тадбиркор ҳам, давлат ҳам, оддий халқ ҳам бирдек манфаат кўрмоқда. Тадбиркор кафолатланган, даромадли ва замонавий бизнесга эга бўлмоқда. Давлат мамлакатнинг озиқ-овқат мустақиллигини мустаҳкамлаб, экспорт ҳажмини ва солиқ тушумларини оширмоқда. Оддий халқ эса дастурхонида ҳар куни сифатли, арзон ва тўйимли маҳсулотни кўрмоқда. Янги иш ўринлари ҳисобидан оилаларга даромад киряпти. Қабул қилинаётган қарорлар ижроси айнан шундай ҳаётий натижаларда ўз ифодасини топмоқда.
Икром АВВАЛБОЕВ
ЎзА мухбири