Божхоначилар “Трамадол”ни ушлаб қолди
Сурхондарё вилояти божхона бошқармаси ахборот хизматининг ЎзАга хабар беришича, “Болдир” темир йўл чегара божхона постида мамлакатимиз ҳудудига қўшни давлатдан транзит равишда ўтиш учун кириб келган юк вагонларининг бирида таркибида “Трамадол” гиёҳвандлик моддаси мавжуд таблетка олиб кетилаётгани фош этилди.
Темир йўл юк вагонлари божхона назоратидан ўтказилганида юк вагонининг махсус яширин жойида икки ўрам ичида ёрлиғи ва номи мавжуд бўлмаган 641 дона таблетка борлиги аниқланиб, белгиланган тартибда расмийлаштирилди.

Таблеткалар тегишли тартибда экспертизадан ўтказилгач, уларнинг таркибида “Трамадол” гиёҳвандлик моддаси мавжудлиги маълум бўлди.

Трамадол моддаси Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 27 октябрдаги 878-қарорига мувофиқ мамлакатимиз ҳудудида муомаласи чекланган гиёҳвандлик воситалари рўйхатига киритилган.

Мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири