Божхоначилар тадбиркорга таянч бўлмоқда
Давлатимиз раҳбарининг бизнес вакиллари билан бўлажак очиқ мулоқотига тайёргарлик доирасида давлат божхона хизмати органлари томонидан ҳам кенг миқёсдаги ишлар амалга оширилмоқда.
Буни биргина Тошкент шаҳар божхона бошқармаси мисолида таҳлил қиладиган бўлсак, бошқармада ташкил этилган штабларга ҳозирга қадар пойтахтлик тадбиркорлардан жами 16 та мурожаат келиб тушди.
Мурожаатларнинг асосий қисмига ўз вақтида ечим топилмоқда.
Жумладан, бошқарма бошлиғи Т.Саидовнинг “Аркбулоқ” ташқи иқтисодий фаолият божхона постида тадбиркорлар билан мулоқоти очиқ ва самимий руҳда кечди.
Масалан, "Ababil Team" масъулияти чекланган жамият томонидан шу вақтга қадар юртимизга импорт қилинмаган янги турдаги товар – узоқ муддат ётоқда қолаётган беморлар учун мўлжалланган махсус матрас -тўшаклар олиб келган. Илгари амалиётда кузатилмагани сабабли, мазкур товар учун тегишли сертификаталарни олишда тушунмовчиликлар юзага келган.
Учрашувда мазкур масалага масъул мутахассислар ҳам жалб қилиниб, масала жойида ҳал қилинди.
Яна бир тадбиркор эса Хитой давлатидан қурилиш ва нефт-газ соҳасида ишлатиладиган махсус транспорт воситаларини олиб келган. У мазкур махсус траспорт воситаларини божхона расмийлаштиришда имтиёз қўллаш бўйича мурожаат қилди. Унинг мурожаати тўлиқ қаноатлантирилди. Унга божхона расмийлаштирувида 80 млрд. сўмдан ортиқ имтиёзлар қўлланилди.
Бир сўз билан айтганда, бу каби юзма-юз дўстона мулоқотлар тадбиркорларнинг мурожаатларига ўз вақтида ечим топишига, ташқи иқтисодий фаолиятни янада либераллаштиришга,қолаверса, соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА