Божхоначи ва тадбиркорлар ҳамкорлиги
Жиззах вилоятида ҳам “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили” муносабати билан тадбиркорликни ривожлантириш, айниқса, ёш тадбиркорларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, муаммоларни аниқлаш ва ҳал этишга қаратилган кенг кўламли ишлар изчиллик билан олиб борилмоқда.
Божхона қўмитасининг тадбиркорлар фаолиятини қўллаб-қувватлаш бошқармаси масъуллари вилоят ҳокимлигида тегишли мутасадди ташкилот раҳбарлари ва тадбиркорлар иштирокида видеоконференция тарзида йиғилиш ўтказди. Ҳудудлардаги вазият, муаммолар, тадбиркорларнинг таклиф ва фикрлари тингланди. Масъуллар Жиззах шаҳар, Шароф Рашидов, Ғаллаорол, Зомин, Мирзачўл ва Дўстлик туманларидаги бир қанча корхоналарда бўлиб, озиқ-овқат маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳалари билан танишди.


Ўрганишлар давомида бир қанча лойиҳалар, жумладан “NEW BUSTON-WORLD” МЧЖ томонидан қиймати 145 миллиард 600 миллион сўмга тенг ўсимлик ёғи, “SANGZOR TEKSTIL OIL EXTRACT” МЧЖнинг 56 миллиард сўмлик пахта ёғи ҳамда “CHAQMOQ” фермер хўжалигининг қиймати 390 миллиард сўмлик сут маҳсулотларини ишлаб чиқариш лойиҳалари кўздан кечирилди.
Корхоналарнинг банк ва бошқа иқтисодий масалаларда дуч келиши мумкин бўлган муаммолар бўйича ҳам савол- жавоблар бўлиб ўтди. Маҳсулотларнинг сифати, экспорт талабларининг бажарилиши, маҳсулотларни божхона кўригидан ўтказиш талаблари бўйича камчиликлар кўрсатиб ўтилди ва уларни бартараф этиш юзасидан аниқ тавсиялар берилди.


Шунингдек, қўмита вакиллари ишчи-хизматчиларга яратилган меҳнат, дам олиш шароитлари, меҳнатларига ҳақ тўлаш ва кўрсатилаётган транспорт хизмати билан ҳам яқиндан танишди.
Фаолияти ўрганилган корхоналарда учраётган муаммоларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар белгиланиб, уларни бартараф этиш борасида мутасаддиларга аниқ кўрсатмалар берилди ва ижроси назоратга олинди.

А.Қаюмов, ЎзА мухбири