Божхоначи – тадбиркор таянчи
Хоразм вилояти божхона бошқармаси бошлиғи Шавкат Тўраев “UZXCMG” масъулияти чекланган жамиятида бўлиб, ишлаб чиқариш жараёнлари билан яқиндан танишди.
Мазкур корхонада Хитой технологиялари асосида турли ҳажмдаги ғилдиракли ва занжирли эксковаторлар, йўл сиқиш ва тебраниш роликлари, олд юклагичлар ҳамда грейдерлар ишлаб чиқарилмоқда.
2026 йилнинг ўтган даври мобайнида корхонанинг ташқи савдо айланмаси 6,5 миллион АҚШ долларини ташкил этган бўлса, 2025 йил якунлари бўйича ушбу кўрсаткич 25,7 миллион АҚШ долларига тенг бўлган.

Шу кунга қадар корхонада 1 минг 930 дан ортиқ техника воситалари ишлаб чиқарилиб, буюртмачиларга етказиб берилган. Бу эса ишлаб чиқариш ҳажми йил сайин изчил ўсиб бораётганидан далолат беради.
Учрашув давомида корхона масъулларига “Божхона ҳудудида қайта ишлаш” божхона режими қоидалари, божхона имтиёзлари ҳамда тартиб-таомиллари юзасидан батафсил маълумотлар берилди.

Яратилган имкониятлардан самарали фойдаланиш ва ташқи бозорларда муваффақиятли фаолият юритиш бўйича тегишли тавсиялар билдирилди.
– “UZXCMG” корхонаси Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигининг ёрқин намунаси бўлиб, йилига юзлаб махсус техникалар ишлаб чиқариш қувватига эга, – дейди “UZXCMG” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Алибек Ишчанов. – Албатта, ишлаб чиқариш занжирини бутловчи қисмлар ва хомашё импортисиз, шунингдек, тайёр маҳсулотни экспортсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Бу жараёнда божхона соҳасидаги енгилликлар биз учун жуда муҳим. Бугун Хоразм вилояти божхона бошқармаси бошлиғи билан учрашувда ўзимиз учун керакли тавсияларни олдик. Енгилликлардан унумли фойдалансак, божхона билан боғлиқ жараёнларда вақт ҳамда сарф-харажатни тежаш ва маҳсулот таннархини пасайтириш имконини беради.

Бундай сайёр учрашувлар ҳудудларда фаолият юритаётган корхоналар билан очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, уларнинг муаммоларини жойида ўрганиш ҳамда тезкор ва амалий ечимлар ишлаб чиқишда муҳим аҳамият касб этади.
Аҳмаджон Шокиров, ЎзА мухбири