Божхона тўловларидан бўйин товлаганлик учун жавобгарлик кучайтирилади
Божхона тўловлари давлат бюджети даромадларининг муҳим манбаларидан бири сифатида давлатнинг иқтисодий хавфсизлиги ва молиявий барқарорлигини таъминлашда алоҳида аҳамиятга эга. Қонунчиликда белгиланган божхона тўловларини тўлаш ташқи иқтисодий фаолият иштирокчисининг мажбурияти ҳисобланади.
Афсуски, амалиётда божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаш ҳолатлари тез-тез кузатилмоқда. Божхона тўловларидан қочиш ҳолатлари эса соҳада соғлом рақобатга путур етказиш баробарида давлат бюджетига жиддий зарар етказади. Шу боис, божхона божларини тўлашдан бўйин товлаганлик учун жавобгарликни такомиллаштириш зарурати юзага келмоқда.
Шу мақсадда божхона соҳасида ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш, жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш ҳамда жиноят ишларини тезкор ва самарали кўриб чиқиш механизмларини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳаси ишлаб чиқилди. Мазкур лойиҳа куни кеча парламент қуйи палатасида қабул қилинди.
Қонун лойиҳаси билан катта миқдорда ёки бир неча маротаба божхона божларини тўлашдан бўйин товлаганлик учун жавобгарлик кучайтирилиб, Жиноят кодексига тегишли ўзгартириш киритилмоқда. Бу божхона тўловларини тўлашдан бўйин товлаш ҳолатларининг олдини олиш, жиноят-процессуал қонунчиликни замонавий талаблар асосида такомиллаштиришга хизмат қилади.

Таъкидлаш лозимки, мамлакатимизда ташқи иқтисодий фаолиятни либераллаштириш ва қулай ишбилармонлик муҳитини яратиш бўйича изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Божхона декларацияларини соддалаштирилган тартибда расмийлаштириш йўлга қўйилган. Инсон омилисиз расмийлаштириш ҳажми 19 фоизга етказилиб, 30 мингдан ортиқ тадбиркорларнинг ортиқча сарф-харажати ва вақти тежалишига эришилди. Давлат бюджети барқарорлигини таъминлаш йўналишида божхона тўловларидан йиллик тушумлар ҳажми 80 триллион сўм этиб белгилаб олинган.
Божхона органларининг яна бир муҳим фаолият йўналиши бу — ташқи савдо товарларини чегара постлари орқали ноқонуний олиб ўтишга қарши курашиш ҳисобланади. Мазкур йўналишда ўтган 3 йилда 94 мингдан ортиқ ҳуқуқбузарликлар аниқланиб, 3 триллион сўмлик товарларнинг ноқонуний айланмаси олди олинган. 12 тонна гиёҳвандлик воситалари, 1,5 тонна психотроп ва кучли таъсир қилувчи моддалар ушлаб қолинган. Ушбу ҳуқуқбузарликларга нисбатан 3 минг 88 та жиноят иши қўзғатилган.
Эндиликда божхона божларини тўлашдан бўйин товлаганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши божхона соҳасида тўлиқ шаффофликни таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА