Божхона тизимида очиқлик ва қулайлик устувор
Мамлакатимизда божхона тизимини модернизация қилиш, уни замонавий талаблар асосида такомиллаштириш ҳамда фуқаролар ва тадбиркорлар учун янада қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган ислоҳотлар изчил давом этмоқда. Бу жараёнда жойларда амалга оширилаётган ишлар ҳолатини бевосита ўрганиш, мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни тезкор бартараф этиш муҳим аҳамият касб этади.
Шу мақсадда, Божхона қўмитаси раиси ўринбосари О.Ибрагимов Бухоро вилояти божхона бошқармаси ҳамда унинг тасарруфидаги божхона постлари фаолиятини ўрганди. Ўрганишлар давомида асосий эътибор инфратузилмани яхшилаш, хизмат кўрсатиш сифатини ошириш ва белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш масалаларига қаратилди.

Хусусан, “Олот” чегара божхона постида амалга оширилаётган ишлар атрофлича таҳлил қилинди. Аввало, бунёдкорлик ишларининг сифати, уларнинг белгиланган техник талабларга мослиги ҳамда ижро муддатларига риоя этилиши юзасидан текширувлар ўтказилди. Бу борада Божхона қўмитаси раиси томонидан ўтган йил августида ушбу постга ташриф чоғида берилган топшириқлар ижроси алоҳида назоратга олингани таъкидланди.

Мазкур топшириқларни амалга ошириш мақсадида ишлаб чиқилган “Йўл харитаси” доирасидаги ишлар кўздан кечирилди. Жумладан, пост ҳудудига кириш қисмида жойлашган ёрдамчи бинолардан самарали фойдаланиш орқали улар негизида замонавий, барча қулайликларга эга кутиш залларини ташкил этиш ишлари кўриб чиқилди.
Ўрганишлар давомида фуқаролар, халқаро юк ташувчилар, ҳайдовчилар ҳамда хорижлик меҳмонлар билан бевосита мулоқотлар ўтказилди. Улар томонидан билдирилган фикр ва таклифлар тингланиб, хизмат кўрсатиш сифатини янада яхшилашга қаратилган амалий режалар шакллантирилди. Бу эса тизимда “инсон манфаатлари – устувор” тамойилининг амалдаги ифодаси бўлиб хизмат қилмоқда.

Шунингдек, хизмат жараёнида юзага келиши мумкин бўлган айрим муаммолар жойида аниқланиб, уларни бартараф этиш юзасидан масъул ходимлар билан биргаликда тезкор чора-тадбирлар белгилаб олинди. Бу эса иш самарадорлигини ошириш, ортиқча тўсиқларни бартараф этиш ва хизматлар шаффофлигини таъминлашга хизмат қилади.
Хулоса ўрнида айтиш жоизки, бундай сайёр ўрганишлар божхона тизимини янада такомиллаштириш, унинг очиқлиги ва самарадорлигини оширишда муҳим омил бўлмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири.