Божхона: Рақамли, таҳлилга асосланган ва интеллектуал бошқарув тизими самаралари
Сўнгги йилларда янги Ўзбекистон божхона тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар мамлакат ташқи савдо сиёсати, иқтисодий очиқлик, инвестициявий жозибадорлик ҳамда халқаро интеграция жараёнларининг муҳим таркибий қисмига айланди.
Авваллари экспорт ҳужжатларини тайёрлаш учун 96 соат, импорт жараёнлари учун эса 150 соатгача вақт талаб этилар эди. Бу кўрсаткич иқтисодий ривожланган давлатлар амалиётига нисбатан 5–6 баробар юқори бўлган. Шу билан бирга, хавфларни бошқариш тизими етарлича такомиллашмагани сабабли юкларнинг қарийб 70 фоизи жисмоний текширувдан ўтказилар, бу эса вақт йўқотилиши, навбатлар ҳамда субъектив қарорлар хавфини оширар эди.

Айнан шу муаммолар божхона маъмурчилигини рақамлаштириш, инсон омилини қисқартириш ҳамда ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун тезкор ва шаффоф муҳит яратиш заруратини кучайтирди. Натижада “Тартибли тадбиркор — адолатли божхона” тамойили асосида давлат ва бизнес ўртасида ишончни мустаҳкамлашга қаратилган янги бошқарув модели шаклланди.
Бу борада амалга оширилган ишлар тўғрисида Божхона қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари, полковник Ғайрат Насиров қуйдагиларни гапириб берди.
—Халқаро эътирофнинг асосий омили — божхона маъмурчилигида рақамли трансформациянинг изчил амалга оширилаётгани, — дейди Ғайрат Насиров. — 2023–2025 йиллар давомида Божхона қўмитаси республика миқёсида рақамлаштириш йўналишида ўтказилаётган идоралараро рейтинг баҳолаш тизимида изчил равишда 1-ўринни эгаллаб келмоқда. Божхона органларида 176 та янги дастурий маҳсулот ишлаб чиқилди. Божхона объектлари 35 турдаги қарийб 19 мингта назорат-техник воситалари билан жиҳозланди. Чегара постларида 45 та электрон тарози, 107 та давлат рақамини автоматик аниқловчи камера ва 29 та инспекцион кўрик мажмуаси ишга туширилди.

Натижада 2025 йилнинг 10 ойида 3 миллиондан ортиқ автотранспорт ҳамда 2 миллионга яқин темир йўл вагонларидаги товарлар тўғрисидаги маълумотлар “Транспорт назорати” тизимига инсон омилисиз киритилди.
2024 йилда “Экспорт — уч қадам” тизими жорий этилиб, экспорт жараёнидаги 9 босқичли назорат 3 босқичга қисқартирилди. 2025 йил апрелдан тўлиқ ишга туширилган божхона юк декларацияларини автоматик расмийлаштириш тизими соҳада муҳим бурилиш нуқтаси бўлди: инсон аралашуви 75 фоизга, расмийлаштириш вақти эса 65 фоизга қисқарди.
Халқаро аэропортларда йўловчилар оқими 2,5 миллиондан 8,7 миллион нафарга етган шароитда “Масофавий божхона назорати” тизими жорий этилиб, 44 та авиакомпания билан маълумот алмашинуви йўлга қўйилди. Натижада йўловчиларни назоратдан ўтказиш вақти 25 дақиқадан 5 дақиқагача қисқарди.
“Э-Транзит” тизими ҳам ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари учун муҳим қулайлик яратди. Электрон транзит орқали ҳужжатларни автоматик тақдим этиш ва реал вақтда кузатиш имконияти ортиқча қоғозбозликни сезиларли даражада камайтирди.
Ислоҳотлар ташқи савдо ҳажми, бюджет тушумлари ва назорат самарадорлигида ҳам яққол акс этмоқда. 2020–2025 йилларда ташқи савдо айланмаси 2 баробарга ошди. 2025 йилда божхона тўловлари тушуми 76,2 триллион сўмни ташкил этиб, 3 баробар ўсиш қайд этилди.
Сўнгги тўрт йилда божхона декларацияларини расмийлаштирувчи ходимлар сони 40 фоизга қисқарган бўлса-да, қўшимча ундирилган божхона тўловлари 5,5 баробарга ошди. Кўриклар сони 20 фоизга камайган ҳолда уларнинг самарадорлиги 10 баробардан зиёд ошди. Рентген тасвирлари таҳлили орқали аниқланган ҳуқуқбузарликлар 3,5 баробарга, уларнинг қиймати эса 2 баробарга кўпайди.
Сўнгги тўрт йилда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликда 2 172 та ҳолатда 13 тонна гиёҳванд моддалар ва 1,5 тонна психотроп моддаларнинг ноқонуний айланишига чек қўйилди.
“Божхона ҳудудида қайта ишлаш” режими орқали ишлайдиган тадбиркорлар сони 75 тадан 458 тагача, яъни 6 баробарга ошди. Қайта ишланган маҳсулотлар экспорти 181 миллион доллардан 1,5 миллиард долларга етди. 2025 йил октябрь ойида Тошкентда ўтказилган халқаро кўргазмада 37 давлатдан 50 дан ортиқ компания иштирок этди. Унда импорт ўрнини босувчи 208 та лойиҳа шакллантирилди.

Ўзбекистон “Коррупцияни қабул қилиш индекси”да 146-ўриндан 121-ўринга кўтарилди. Жаҳон банки логистика самарадорлиги индексида божхона компоненти 140-ўриндан 74-ўринга чиқди. БМТ Электрон ҳукумат индексида Ўзбекистон “жуда юқори” ривожланиш даражасидаги давлатлар қаторига кирди. Божхона қўмитаси эса 98 давлат ташкилоти орасида 5-ўринни эгаллади.
Бир сўз билан айтганда, Ўзбекистон божхона тизими анъанавий маъмурий назорат моделидан рақамли, таҳлилга асосланган ва интеллектуал бошқарув тизимига изчил ўтмоқда. Ислоҳотлар ташқи савдони ривожлантириш, экспорт салоҳиятини ошириш, яширин иқтисодиётга қарши курашиш ва халқаро интеграцияни кучайтиришга хизмат қилмоқда.
Шаҳноза Маматуропова, ЎзА