Божхона постига экскурсия
Бугунги кунда ёшларни касбга йўналтириш, уларнинг билим ва кўникмаларини амалий жиҳатдан мустаҳкамлаш масаласи давлат сиёсати даражасидаги устувор йўналишлардан бири ҳисобланади. Ана шу мақсадда Бухоро вилоят божхона бошқармаси томонидан ёш авлод учун турли маърифий тадбирлар, учрашув ва экскурсиялар ташкил этиб келинмоқда.
Бухоро вилояти божхона бошқармасига бириктирилган 30-сонли умумий ўрта таълим мактаби ўқувчилари учун “Бухоро аэропорти” чегара божхона постига таассуротларга бой экскурсия уюштирилди. Унда мактабнинг “Ёш божхоначи” тўгараги аъзолари фаол иштирок этди.

Экскурсия давомида ўқувчиларга божхона хизмати фаолиятининг мазмун-моҳияти, ушбу соҳада хизмат қилаётган ходимлар зиммасидаги юксак масъулият ҳамда давлат чегараси орқали товарлар ва йўловчилар ҳаракатини тартибга солувчи қоидалар ҳақида батафсил маълумот берилди. Шунингдек, божхона назорати жараёнлари, замонавий техник воситалардан фойдаланиш тартиби ҳам ёшларга тушунтирилди.

Энг муҳими, ўқувчилар назарий билимларини амалиёт билан боғлаш имконига эга бўлди. Улар божхона постидаги кундалик фаолият билан яқиндан танишиб, жараёнларни бевосита кузатиш орқали ўз тасаввурларини янада бойитдилар. Бу эса уларнинг ушбу касбга бўлган қизиқишини сезиларли даражада оширди.

Айниқса, касб танлаш арафасида турган битирувчи синф ўқувчилари учун мазкур экскурсия жуда катта аҳамият касб этди. Улар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан бевосита жавоб олиб, келажакда божхона соҳасида фаолият юритиш истакларини мустаҳкамлади.

Хулоса ўрнида айтиш мумкинки, бундай амалий экскурсиялар ёшларнинг дунёқарашини кенгайтиради, уларни мустақил фикрлашга ундайди ҳамда тўғри касб танлашларига мустаҳкам замин яратади. Шу билан бирга, божхона хизмати фаолияти ҳақида яқиндан танишиш орқали уларда Ватанга хизмат қилиш, қонунларга ҳурмат билан қараш каби муҳим қадриятлар ҳам шаклланади.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири