Божхона брокерлари фаолияти ривожланмоқда
2016 йил 21 апрелдан кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Божхона кодекси соҳага оид қонунчилик нормалари сифатини ошириш, уларни ҳаётга татбиқ этишнинг ишончли механизмларини яратишда муҳим омил бўлди.
2016 йил 21 апрелдан кучга кирган Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Божхона кодекси соҳага оид қонунчилик нормалари сифатини ошириш, уларни ҳаётга татбиқ этишнинг ишончли механизмларини яратишда муҳим омил бўлди.Кодекс асосида брокер хизмати ҳуқуқий мақомга эга бўлди. Божхона брокери – божхона расмийлаштируви бўйича операцияларни декларантнинг ёки ваколатли шахснинг топшириғига биноан ва унинг номидан шартнома асосида амалга оширадиган, тегишли рухсатнома олган Ўзбекистон Республикаси юридик шахси ҳисобланади.
Айни пайтда божхона брокерлари товар айирбошлашни тартибга солиш, божхона органлари олдига қўйилган вазифаларни бажаришда муҳим ёрдамчи тузилма сифатида фаолият юритаётир. Уларнинг қонунчиликни мукаммал билиши ва амалда тўғри қўллай олиши ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ишини енгиллаштиради. Ўз навбатида, божхона тизимида хато ва камчиликлар камайишига, божхона тўловлари тўғри ва тўлиқ ундирилишига олиб келади.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 25 июлдаги “Божхона брокери сифатидаги фаолиятни амалга ошириш учун рухсат бериш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги қарори соҳадаги ишларни янада ривожлантиришга қаратилган. Мазкур низом 2016 йил 2 ноябрдан кучга кирди.
Низом билан брокерларнинг рўйхатдан ўтиши соддалаштирилиб, ҳужжат топшириш босқичларида қатор енгилликлар яратилди. Эндиликда божхона брокери сифатида фаолиятни амалга оширишга рухсатнома олиш учун зарур ҳужжатлар Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона қўмитасига тақдим этилгач, қўмита ходимлари уни ўн иш кунида кўриб чиқади. Рухсатнома қўмита томонидан белгиланадиган шаклда, амал қилиш муддати чекланмаган ҳолда берилади. Божхона брокерлари хақидаги ахборот қўмитанинг расмий веб-сайтига жойлаштирилади ва танишиш учун очиқ бўлади.
Низомга мувофиқ божхона брокерининг декларант ёки ваколатли шахс билан ўзаро муносабатлари шартнома асосида йўлга қўйилади. Божхона брокерининг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва жавобгарлиги божхона брокери ва декларант ўртасида тузилган шартнома билан чекланиши мумкин эмас.
Божхона брокери фаолиятини самарали ташкил этиш нафақат божхона ишларини енгиллаштиради, балки ишбилармон ва тадбиркорларга ҳам қатор қулайликлар яратади.