Бойсунда янги кўприк ишга тушди
Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги Шўрсой ва Мустақиллик маҳалласини боғлайдиган янги кўприк фойдаланишга топширилди.
Шўрсой сойи устида қад ростлаган кўприкнинг узунлиги 22 метр, эни 4 метр ва баландлиги 11 метрни ташкил этади. Ҳашар йўли билан бунёд этилган кўприкни қуриш учун туман ҳокимлиги устки темир платформа ва темир таянч устунларини етказиб берди. Қолган ишларни аҳоли ҳашар йўли билан амалга ошириб, замонавий кўприкни барпо этди.



– Тоғли туманимиз йилдан-йилга чирой очиб, қиёфасини ўзгартирмоқда, – дейди шўрсойлик маҳалла фаоли Бахтиёр Шукуров. – Президентимизнинг туманимизга қаратаётган юксак эътиборлари билан кўп қаватли уй-жойлар, янги жоме масжиди ва бошқа ижтимоий соҳа объектлари жам бўлган “Янги Ўзбекистон” массиви бунёд этилди. Авваллари маҳалламиздан янги массивга келмоқчи бўлсак, уч километр йўлни босиб ўтишга тўғри келар эди. Эндиликда бу масофа 2,5 километрга қисқарди. Пойдевори мустаҳкам янги кўприкдан ўтиб, беш юз метр йўл боссак, Мустақиллик маҳалласига кириб келамиз. Яратилаётган бундай қулайликлар учун давлатимиздан беҳад миннатдормиз.
Янги кўприк Шўрсойга туташ бошқа маҳаллалар, шунингдек, машҳур “Омонхона” туризм қишлоғидан ҳам туман марказига транспорт қатновини икки ярим километрга қисқартирди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири