Бойсунда тарғибот тадбирлари ўтказилди
Ўзбекистон халқ демократик партияси Бойсун туманидаги “Смарт медиа” ўқув марказида “Ҳар бир инсон фаровонлиги учун” шиори остида тарғибот-ташвиқот тадбирларини ўтказди.
Партиянинг бошланғич ташкилотлари вакиллари ва аъзолари, нуронийлар, маҳалла фаоллари, партияга хайрихоҳ ёшлар, хотин-қизлар иштирок этган учрашувда ХДПнинг янги сайловолди дастурида давлат ва жамиятни ривожлантириш, ҳуқуқлар ва имкониятлар тенглигини таъминлаш, кучли ижтимоий сиёсат юритишга оид кўплаб таклиф ва ташаббуслар илгари сурилгани тўғрисида атрофлича сўз юритилди. Белгилаб олинган мақсад ҳамда вазифаларнинг мамлакатимиз ривожидаги аҳамиятига эътибор қаратилди.


Партиянинг мақсади ҳар бир инсон учун ижтимоий тенглик ва адолат тамойиллари асосида муносиб яшаш шароити яратишга қаратилган. Бу дастурий мақсадларга эришиш учун кейинги беш йилликка мўлжалланган ўнта йўналиш ва 15 та стратегик қадамдан иборат устувор вазифалар белгилаб олинган

Шу куни партия фаоллари тоғли тумандаги “Ал мадраса” ўқув марказида муҳим сиёсий кампанияда илк марта қатнашиб, мамлакатимиз келажаги учун овоз берадиган ёш сайловчилар билан ҳам учрашди.

Унда очиқ ва ошкораликни таъминлаб, давлат ва жамиятни ривожлантиришда сайловларнинг ўрни, сайловда иштирок этувчи ҳар бир фуқаронинг бир овозга эгалиги, партиянинг янги сайловолди дастурида белгиланган мақсад ва вазифалар хусусида фикр алмашилди. Ёш сайловчиларни қизиқтирган барча саволларга жавоб берилди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири