Бойсун тоғлари оппоқ қорга бурканмоқда
Сурхондарё вилоятидаги Бойсун тоғ тизмасида Кетмончопди, деган жой бор. Пурвиқор тоғ чўққисидаги бу ернинг қор билан қопланишидан Бойсун тумани аҳолиси келгуси йил деҳқончилик сербарака ёки кам бўлишини чамалаб олади. Кетмончопдига қор эрта тушиб, чўққидаги чуқурликни тўлдирса, оқсоқоллар давраларда бўлғуси йил ҳам оби-ҳаёт сероб, дон мўл, дастурхонлар тўкин бўлади, дея деҳқону соҳибкорларга асрлар синовидан ўтган маслаҳат ва тавсияларини бера бошлайди.
[gallery-20520]
Бу йил ҳам Бойсун тоғларига илк қор эрта тушди. Кетмончопди яна қишнинг оппоқ либоси билан теварак-атрофга ўзгача кўрк улашмоқда. Кеч кузнинг майин шабадасидан сармаст бўлаётган оппоқ қор тоғ этакларида ҳам димоққа урилмоқда. Баланд чўққилардаги барака нишонаси бойсунликларнинг кўнглини чоғ этиб, эртанги янада фаровон, тўкин ва обод ҳаётга ишонч туйғусини мустаҳкамламоқда.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири