Боёвутлик пахтакорлар режани тўлдирди
Қишлоқ хўжалигида, хусусан, пилла етиштириш, ғаллачилик ва пахтачиликда ўзига хос тажриба мактаби яратган Боёвут тумани деҳқонлари бугун пахта етиштириш бўйича шартномавий режасини муваффақиятли бажарди.
Жорий йил ҳосили учун тумандаги 320 та фермер хўжалигининг 11 минг гектар майдонида ғўза парваришланди. Натижада “BOYOVUT TECHNO CLUSTER” МЧЖ пахта қабул қилиш масканига жами 40 минг 218 тоннадан зиёд ҳосил топширилди.


– Юқори ҳосилдорликнинг муҳим жиҳатлардан бири, экин ерлари мелиоратив ҳолатининг яхшиланиши ҳамда тупроқ - иқлим шароитига мос навларнинг танланганидир, – дейди Боёвут тумани ҳокими, сенатор Дилфуза Уролова. – Жорий йилда туманимизда ғўзанинг “Султон” ва “С-65” каби истиқболли навлари экилди. Етиштирилган хомашёни ўз муддатида сифатли йиғиштириб олиш мақсадида шакллантирилган 125 та терим отряди, уларга бириктирилган ўн мингдан зиёд фермер хўжалиги аъзолари, кўнгилли теримчилар ва кўплаб фидойилар улкан хирмонни барпо этишда шижоат ҳамда меҳнатсеварлик намоён этишди.

Далаларда ҳали ҳосил мўл. Боёвутликлар ҳар бир қуёшли кундан унумли фойдаланиб, юртимиз хирмони янада бўй чўзиши учун астойдил меҳнат қилишмоқда.
Ш.Суяров, ЎзА мухбири