Боёвутлик фуқаро энди хаста эмас
Боёвутлик Баҳодир Тўлқиновни бир неча йилдан буён юрак билан боғлиқ ўзгаришлар қийнаб келаётганди. Олдинига тинчлантирувчи дори-дармонлардан фойдаланиб кўрди. Аммо улар ҳам наф бермай қўйди.
Шундан сўнг, мутахассислар маслаҳати, яқинлари кўмаги билан Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази Сирдарё филиалига мурожаат этди.
Кардиологлар, эндоваскуляр хирурглар кўригидан ўтгач, унга юрак ишемик касаллиги, ностабил стенокардия ташхиси қўйилди.

Бунинг бирдан-бир давоси стент қўйиш, ушбу турдаги амалиёт ўтказилиши зарур эди.
Ўйлаб, имкониятини чамалаб кўрди, бўлмади. Катта харажат талаб этганлиги боис, ёрдам сўраб туман ҳокимлигига мурожаат қилди.
Унинг мурожаати жавобсиз қолмади. Жамоат фондлари ҳисобидан ёрдам кўрсатилгач, сирдарёлик эндоваскуляр хирурглар томонидан юрак коронар қон-томири билан боғлиқ, коронарография амалиёти ўтказилиб, томирига икки дона стент қўйилди.
— Шунга ҳам бир йилдан ошди, —дейди Баҳодир Тўлқинов. — Ҳозир учинчи бор стент қўйдириш учун келганман. Бу гал харажатлар Давлат тиббий суғуртаси жамғармаси томонидан қопланадиган бўлди.

Сирдарёлик эндоваскуляр хирурглар Хуршид Ҳакимов, Ўткир Шодиев, Бекзод Мардонов устозлари Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт маркази директори, профессор Хуршид Фозилов бошчилигида ушбу амалиётни муваффақиятли ўтказди.
Ҳозирда бемор аҳволи яхши. Соғ-саломат. Энди у интенсив даволаш бўлимида шифокорлар назорати остида даво муолажаларини олмоқда.
— Бу турдаги амалиётларнинг Сирдарёда йўлга қўйилиши, юрак коронар қон-томири билан боғлиқ муаммолари бор беморлар учун аҳамиятли бўлди, — дейди профессор Хуршид Фозилов. — Илгарилари бу турдаги амалиёт учун сирдарёлик беморлар Ҳиндистон, Тошкентга боришар эди. Энди бунга ҳожат қолмади. Чунки, ўтган бир йил давомида Сирдарёда ўтказилган ушбу турдаги амалиётларнинг барчаси, ижобий якун топди. Бунда сирдарёлик эндоваскуляр хирургларнинг ҳиссаси катта. Уларга пойтахтдан, қолаверса Россиядан орттирилган тажриба катта ёрдам берди.

Сирдарёлик шифокорлар томонидан юрак туғма нуқсони билан туғилган болаларда Республика миллий болалар маркази эндоваскуляр хирурглари ёрдами билан окклюдер қўйиш амалиёти йўлга қўйилди.
Бу эса, юрак туғма нуқсони бор болалар соғлигини тиклаш, юракдаги нуқсонни бартараф этиш имконини бермоқда.
Маълумот учун, сирдарёлик шифокорлар томонидан ўтган йилда 856 нафар беморда коронарография текшируви, 324 беморда коронар артерияларда стентлаш, 2 нафар беморда ЭФТ ва РТА амалиёти, 3 нафар беморда электрокардиостимулятор ўрнатиш амалиёти, 5 нафар беморда кам учрайдиган юрак туғма нуқсонига окклюдер қўйиш, 22 нафар беморда шунтография, 3 нафар беморда вентрикулография ва бошқа юқори технологик амалиётлар муваффақиятли бажарилган.

Шуҳрат Суяров, ЎзА