Боёвутда такрорий экин тури сифатида мош кўпроқ экилади. Шунга яраша талаб бор. Аммо уни етиштиришдан кўра йиғиб-териб олиш ҳам вақтни, ҳам қўшимча ишчи кучини талаб қилади. Бу эса, етиштирилган маҳсулотнинг таннархи ошишига, ортиқча чиқимдорлик, оворагарчиликларнинг келиб чиқишига сабаб бўлаётганди.
Боёвутлик фермер, 3-Боёвут сув истеъмолчилар уюшмаси раиси Намоз Жўраев ва унинг фарзанди мошни йиғиб-териб олиш билан боғлиқ оворагарчилик ва ортиқча чиқимдорликни камайтириш йўлини топди. Улар мошни ўрадиган, 5 қатордаги мошни бир жойга ўриб-йиғадиган агрегатни ихтиро этди.
–Рационализаторлик таклифи ўғлим Санжар Жўраевдан чиқди, – дейди Намоз Жўраев. – Ўйлаб қаралганда унинг гапи тўғри. Бир гектар ерга такрорий экин сифатида экилган мошни экишдан пишиб етилгунга қадар кетган харажат йиғиб-териб олиш даврида кетадиган харажатга қараганда анча-мунча маблағни талаб этади. Қолаверса, бир гектар ерга экилган мошни ўн-ўн беш киши икки- икки ярим кунда ўради. Сув истеъмолчилар уюшмаси ҳудудидаги 56 та фермер хўжалиги 52 тасининг қарийб 2500 гектар ер майдонида такрорий экилган мошни ўриб-йиғиб териб олиш учун анчагина ишчи керак. Ишчи топилса яхши, топилмаса пишиб-етилган мош ёғингарчилик кунларга қолиб кетса, мошнинг сифатига анчагина таъсир қилади. Шу боисдан ўғлимнинг рационализаторлик таклифига розилик бердим.
Санжар Жўраев олдинига янги механизм эскизини яратди. Унга кетадиган механизмлар рўйхатини шакллантириб, ишни эски “пресс-подборшик” машинаси йиғиш ҳамда беда ўрадиган агрегатнинг ўриш қисмларини ажратиб олиб, чизма орқали ишни бошлади. Зарур эҳтиёт қисмларни Намоз Жўраев Гулистон ва Тошкентдаги қишлоқ хўжалиги техникалари эҳтиёт қисмларидан келтириб берди.
– Кўриб турганингиздек, мошнинг ўриш агрегати тайёр бўлди,–дейди Санжар Жўраев.– Уни “МТЗ 80” тракторига ўрнатиб, белгиланган тартибда синовдан ўтказдик. Натижа ҳам шунга яраша қувончли бўлди.
Бир гектар ерга экилган мошни 10-12 литр дизел ёқилғиси ҳисобига 45-50 дақиқа, 10 гектар ердаги мошни ўриш учун 4,5, 5 соат вақт, 45-50 литр дизел ёқилғиси кетади. Бу нафақат сув истеъмолчилари уюшмаси ҳудудидаги, тумандаги фермер хўжалиги ишчи- хизматчилари учун кутилмаган янгилик бўлди.
Айни вақтда сув истеъмолчилари уюшмаси раиси, "Санжарбек Жўраев" фермер хўжалиги раҳбари Намоз Жўраевнинг ўғли томонидан яратилган мошни ўриш-йиғиш агрегати кунига 20-25 гектар ерга экилган мошни ўриб-йиғиб, ишларни енгиллатяпти.
Шунга яраша уларнинг режалари бор. Келгусида ушбу ишланмани янада такомиллаштириб, яна бир нечта шу турдаги агрегатларни ишлаб чиқариб, рационализаторлик патентини олишмоқчи. Бу эса, ушбу турдаги агрегатларга эҳтиёжи бор мош етиштирувчилар учун ниҳоятда қўл келиб, улар ишини енгиллатади.
– Бу йил ўтган йилга қараганда мошнинг ҳосилдорлиги яхши. Айни вақтда ҳосилни ёғингарчилик кунларга қолдирмай йиғиб-териб олиш ишлари билан бандмиз. 100 гектар ерга экилган мошдан 150 тонна ҳосил олдик. Энди уни ўзимизга қарашли мошни саралаш цехида саралаб, экспортга йўналтирамиз. Харидорлар бор. Шунга яраша даромад ҳам ёмон бўлмаяпти. Бу эса, ишчи ва хизматчиларни қўшимча рағбатлантириш имконини бермоқда,–дейди Н.Жўраев.
Ғулом Примов, ЎзА мухбири