
Сара ва сифатли ипак толаси етиштиришда катта тажрибага эга бўлган Боёвут туманида жорий йил баҳорги мавсумда 2 084 қути ипак қурти парваришланиб, 125 тонна “кумуш тола” ҳосилини йиғиб олиш режалаштирилган.
Боёвутлик пиллакорларнинг бир ойлик фидокорона меҳнати самараси сифатида “Олмазор” маҳалласида жойлашган пилла қабул қилиш масканида дастлабки ҳосил тарозига тушди. Шу муносабат билан туман ҳокими Дилфуза Ўролова ҳамда пилла қабул қилувчи буюртмачи корхона “Сирдарё Агропилла” МЧЖ масъуллари қабул масканида пиллакорлар билан учрашди.
[gallery-23516]
Тадбир аввалида мавсумнинг баракали ва серҳосил бўлишини тилаб, Қуръон тиловат қилинди. – Пиллачилик – боёвутликлар учун нафақат анъанавий касб, балки барқарор даромад манбаидир. Сизларнинг меҳнатсевар ва фидоийлигингиз туфайли бугун туманда дастлабки ҳосил қабул қилинмоқда. Янги пилла мавсуми ҳам баракали, ҳосилдор ва омадли бўлишини тилайман, – деди Дилфуза Ўролова.
Тадбирда режани ортиғи билан бажарган пиллакорлар топширилган ҳар бир килограмм ҳосил учун 40 минг сўмдан пул мукофоти ҳамда эсдалик совғалар билан тақдирланди.
Ғулом Примов, Шаҳриёр Ортиқобев (сурат) ЎзА мухбирлар